Интервью

Ижод бўстони чорлайверади…

Мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш давр талабидир. Маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишда айниқса, ўқитувчининг ўрни муҳим ҳисбланади. Педагоглардан маънан етуклик, юқори билим савиясига, педагогик салоҳиятга эга бўлиш билан бирга ижодкорлик ҳам талаб этилади. Пешку туманидаги 13-сон умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, шоир Абдураззоқ Сатторов билан ижодкорлик ҳақида суҳбатлашдик.

Абдураззоқ, Сиз бир нечта китоблари чоп этилиб, ўқувчилар қўлига ва шубҳасиз қалбига бориб етган ижодкорсиз.Айтингчи, неча ёшингиздан шеър ёза бошлагансиз? Ўша даврларни ёдга олсангиз.

– Шеър қалбдан бир қанча вақт жилға янглиғ чиқиб туради, шу пайтларда шеърий мисралар йўл-йўлакай хиргойи қилиб кетилаверади ва кейинчалик бу жилға катталашиб, улкан дарёга айланади, сўнгра оқ қоғоз бетига туша бошлайди. Шеър ёзишни 10-12 ёшларимда бошлаган бўлсам керак. Чунки, 4-5-синфларда ўқиганимда дарсликдаги барча шеърларни ёд олар эдим ва шу шеърларга ўзимча мисралар қўшиб айтар эдим. Бу ҳолатни кўрган бошланғич синф ўқитувчимиз Сабоҳат опа Эргашева (охиратлари обод бўлсин!) бошимни силаб: «Менинг шоир болам-эй», деб эркалаб қўяр эдилар. Биринчи шеърим 1980 йилда БухДИ, ҳозирги Бухоро давлат университетининг ўша даврда нашр этилган «Илғор фан учун» номли газетасида эълон қилинган эди. Олий ўқув юртини битиргач 57 ёшга киргунимча баъзи сабабларга кўра ижодимда узилишлар бўлган. Ҳаёт шу қадар мўъжизаларга бойки, ҳар қандай вақтда ижод бўстони инсонни ўзига мафтун этиб чорлайвериши мумкин экан. 2013 йилнинг баҳор ойларида «Пешку овози» газетаси бош муҳаррири 3уҳра опа Қурбонова мени ҳузурларига чақириб: «Ука ижод қилиб тураркансиз, шеърларингиздан берсангиз газетада чоп этардик», – дедилар, шундан сўнг қайтадан ижодга киришиб кетдим. Ўшандан буён 7 та китобим нашр қилинди. Зуҳра опадан жуда миннатдорман.

Шоир учун илҳом келиши гўзал бир туйғу, шу билан бирга дардли изтироб кечинмалари қалбни безовта қилиб ларзага солади. Ана шундай дамларда ажиб шеър туғилса ажаб эмас. Сизда ижод жараёни қандай кечади?

– Шеър илоҳий неъмат. Шеър ёзиш учун на замон, на маконнинг фарқи йўқ. У кутилмаган пайтда қуйилиб келаверади, илиб олсангиз бўлгани. Илҳом бир хушёр қуш янглиғ унинг ноласига қулоқ тутмасангиз қайтиб келмайди. Илҳом қай пайтда келса ҳам йўлдами, чўлдами, тоғдами, боғдами шеър туғилаверади. Шеър ёзиш қобилияти инсонга Аллоҳ томонидан тақдир этилади. Баъзан бир уринишда бир-икки шеърни ёзсам, баъзан битта шеър ёзиш учун бир неча кун вақтимни сарфлайман. Шеъриятда аниқ қолип йўқ. Шеър ёзиш учун дилда дард бўлиши керак. Ёзган шеърингиздан ўзингиз завқланмасангиз, ўқиб йиғламасангиз кимга керак у қуруқ сўзлар тизмаси?!

Сиз узоқ йиллар ёшларга рус тиши ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келдингиз. Рус адабиёти намояндаларининг асарларини мутолаа қилишнинг ижодингизга таъсири бўлганми?

– Биз хоҳлаймизми, йўқми, йиллар давомида ўқилган асарлар ва шеърларнинг таъсири бўлади. Ҳа, хоҳ катта, хоҳ кичик шоир бўлсин бошқа таниқли шоирларга ўхшаб ёзгиси келади, яъни тақлид қилади. Бунинг ёмонлик жойи йўқ, фақатгина бировнинг шеърини ўғирлаб, буни мен ёзганман, деб даъво қилмаса бўлгани. А.Фет, И.Тютьчев, С.Есенин сингари шоирларнинг шеърларини севиб ўқийман, бу эса ижодимга таъсир қилган бўлса керак. Шунингдек, машҳур ўзбек адиблари, шоирлари хусусан Чўлпондан М.Юсуфгача менинг маънавий устозларимдир.

– Ҳозирги пайтда мактабда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ўқувчиларга йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳатлар бериб келяпсиз. Айтинг-чи, ёшлар билан мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик жараёни сизга нима беради?

Тўғриси ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Ёруғ ва шинам синф хоналари, замонавий IT технологиялари, олийгоҳлар мустаҳкам билим олиш учун муҳайё этилган. Ёшлардан китоб ўқиб, ўз билими ва савиясини ошириб бориши талаб қилинади. Афсуски, айрим ёшларнинг яратиб берилган имкониятлардан фойдаланмай, вақтини беҳудага сарфлаганини кўриб ачиниб кетаман. Кўпинча ўз фикрини чиройли баён эта олмаслик, мустақил ва эркин фикрлашда нўноқлик сезилади. Бу каби камчиликлар китоб мутолаа қилмаслик оқибатида келиб чиқади деб ўйлайман, ёшларни мунтазам китоб ўқишга даъват этаман. Албатта, иқтидорли, ижодкор ёшлар ҳам бор, уларнинг даврасида бўлиб ўтадиган суҳбатлардан руҳланаман, ғайрат-шижоатим ошганини ҳис қиламан.

Айрим ҳаваскор қаламкашларнинг назм талабларига жавоб бермайдиган, енгил-елпи сўзлар тизмасидан иборат саёз ёзилган шеърларига қандай муносабат билдирасиз? Адабиётга ихлос қўйиб, қўлига қалам олган ёшларга шоир сифатида қандай тилакларингиз бор?

Бу жуда оғир савол. Айниқса, ёш ниҳол сингари парваришга муҳтож, ижод қиламан деб қўлига қалам тутган ўқувчи-ёшларнинг шеърига баҳо бериш жуда қийин. Чунки салгина танқидий муносабат уларнинг умидини сўндириши мумкин. Уларга маслаҳат бериб руҳини кўтариш, ҳайрат оламига олиб кириб, илҳом бериш энг мақбул йўл бўлиши мумкин. Ҳали талаба бўлсада қизғин ижодга киришиб кетган туманимизнинг иқтидорли қизи Дилафрўз Облоқуловадан умидим катта. Унинг “Оппоқ қоғоз” номли шеъри нур бўлгудек қалбларга кириб, шу қадар ларзага соладики, завқланиб кетади киши:

Оппоқ қоғоз қатор-қатор йўл,
Олиб борар мени шу халққа.
Бораяпман тунни оралаб
Ёвга қарши бир ўзим якка.

Оппоқ қоғоз қатор-қатор йўл,
Тонг кирмоқда қалбимга оқиб.
Сизга ёруғ бўлиши учун,
Олиб келдим қуёшни ёқиб…

Ҳар қандай ижодкорнинг жамиятда эътироф этилиши уни янада руҳлантириши табиий ҳол. Маълумки, Халқаро “Турон” ёзувчилар уюшмаси аъзолигига мушарраф бўлгансиз. Бу илҳом парвозига қанот бағишлаган бўлса керак.

Ҳа, ўтган 2021 йилда Халқаро “Турон” ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим, балки бу камтаргина ижодимнинг катта эътирофидир. Ушбу аъзолик замонамизнинг бошқа ижод вакиллари билан мулоқот, фикр алмашиш имконини яратмоқда, бундан хурсандман.

– Инсон ҳаёт экан орзу-умид билан яшайди, ўз олдига эзгу мақсадларни қўяди. Изланишдан тўхтамай ўз иқтидори ва салоҳиятини юксалтиришга интилади. Ижод бўстонида ўз ўрнини топишни истайди. Келгусида кўзлаган ижодий режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Албатта, ҳар бир ижодкор бир-биридан яхши асарлар ёзиб қолдирсам дейди. Ижод қизғин жараён, битта шеър ёзилаётганда иккинчи шеър ғояси туғилганидек, битта китоб устида ишлаётганингизда иккинчи китоб ҳам туғила бошлайди. Қоралама қилиб қўйган ижод намуналарим ҳам дунё юзини кўришини умид қиляпман. Баҳоли қудрат таржимага қўл уряпман. Яқинда қирғиз шоири Турдибек Токтосуновнинг ижодидан айрим шеърларни ўзбек тилига таржима қилдим. Таржималар халқимизнинг қардош халқлар шеъриятидан баҳраманд бўлишида аҳамиятга эга деб ўйлайман.

Абдураззоқ Сатторов, сизга сиҳат-саломатлик, ижодий ишларингизга муваффақият тилаймиз.

Муслима Ёдгорова

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x