Илҳам ва ижод 1
XX асрнинг охирги йили ва XXI асрнинг дастлабки йили туташган бир даврда икки қанотли илҳом фариштаси тафаккур ва тахайюл оламимга оқиб кирганлиги мўъжиза эди. Таълимдаги замонавий педагогик технологиялар масалалари мени ўзига жалб этган, шу билан бирга бадиий ижод булоғи кўз очганга ўхшарди. Таълимнинг янги инновациявий усуллари бўйича илғор тажрибаларни ўқиб ўрганиш, мустақил тадқиқотлар олиб бориш гўё ҳаётим мазмунини тўлдириш машқига ўхшарди. Мутолаа шукуҳи ила ёришган уйқусиз тунлар шеър, бадиа ва қатра мақомида ёғаётган туйғулар исёнига туташиб кетарди. Физика фанидан янги замон талабига мос услубларни тадқиқ этиш ва уларни амалда қўллаш иштиёқи тинчлик бермасди. Адабиёт ва шеърият ишқи қалб олами зийнати эканлигини ҳис этмоқ эса гўзал туйғудир. Изланиш учун майдон очилган, фақатгина мос тўлқинлар оқимида суза олиш ва хос частоталар йўриғига уйқаш йўлларни топа олиш муҳим эди. Ички янгиланиш эҳтиёжи қалбимга сурур бағишлар, тафаккур уммонига янада чуқурроқ шўнғиш, туйғулар фазосида парвоз этиш дақиқаларида қоғоз ва қалам ёрдамга келганлиги айни муддао. Ўқиш ва ёзиш саодатдир.
Муслима ҲАМРОЗ
26.11.2025 йил