Рангин оҳанг
Рангнинг оҳангига қулоқ соламан,
Рангин сўзлар ажаб, товланар хушҳол.
Мўйқалам най сирин изҳор этаркан,
Ҳиссиёт ёғдуга тўлади алҳол,
Нақшивор чизгиси кўнгил изҳори.
Мойбўёқ фикрни ичиб тўйингач,
Тасвир жумласига чўкади беҳол.
Бўёқдан мўралар нурфош камалак,
Ифорга қоришар туйғулар зилол,
Нақшлар жилвасида наққош асрори.
Тараннум этаркан кўнгил суратин,
Рассом борлиғини қийнайди хаёл.
Қалбим ошёнини чўлғаб тасаввур,
Қуёшнинг чўғидан сачраб томар лол,
Нақшинкор нурларнинг оний иқрори.
Муслима ҲАМРОЗ
23.11.2025 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


