
Танқид ҳақида танқидий фикр
«Танқид порох тўла бочкага ўхшаб, ғурурни портлатиб юбориши мумкин.»
Дейл Карнеги.
Фақат танқидлар орқалигина ютуқларга эришиб бўладими? Танқид эшитишни ким яхши кўради? Ҳеч ким! Шундай бўлсада, нега одамлар бошқаларни танқид қилишни яхши кўришади? Айниқса, раҳбар ўз ходимларини танқид қилиш орқали ўзининг раҳбарлик бурчини қойилмақом қилиб бажараётганлигини исботламоқчи бўлгандек ўзини тутади. Аслида, ҳар-бир икир-чикирни бўрттириб, огоҳлантирувчи дағ-дағалар орқали овозни баландлатиш шартми? Танқидни ҳақоратлаш поғонасига кўтариш мақбул йўлми?
Танқид эшитган киши кўпчилик олдида мулзам бўлади, танқид одамни хўрлайди, унинг нафсониятига тегади, танқид қалбда нафрат уйғотади, танқиддан кейин руҳий тушкунлик юз беради, ҳатто танбеҳ эшитиш ҳам ёқимсиз, маслаҳат берганда ҳам ғаши қўзийдиганлар ҳам йўқ эмас.
Танқид тазйиқ воситаси, қўрқитиш, муте қилиш усули бўлмаслиги керак,асло. Танқид қилувчи нимага эришади, албатта акс таъсирга, чунки танқид бумеранг каби айланиб ўзингизга қайтиб келади. Танқидга учраган киши танқидчини ҳеч бўлмаганда ички овозда акс танқид қила бошлайди, доимий ва такрорий танқидлардан эса безийди. Инсон руҳияти шунақаки, танқидга ошкорами, пинҳонами барибир эътироз билдираверади, ўзини оқлаш учун кўплаб сабабларни қалаштириб ташлайди.
«Кишиларни муваффақиятга илҳомлантиришда нега камчилик қидириш ўрнига мақтовнинг ёрдамига суянмаймиз»,-дейди Д. Корнеги-» Кишиларнинг кичик бир ютуғини ҳам қўллаб қувватланг, баҳо беришда самимий, мақтовда саҳий бўлинг»-мана унинг бир қоидаси.
Хўш ўзингизга нисбатан норозилик уйғотиб, оқибатда ижобий натижага эришмоқчимисиз?
Аслида танқиддан бирор ижобий мақсад кўзланади, агар танқиднинг ўзини мақсад қилиб олишса-чи? Фожеа ана шундан бошланади. Меъёрдан ортиқ ва ноҳақ танқид инсондаги ўз-ўзини ҳурмат қилиш туйғусини емиради.
Танқид қилсангизу муаммони ҳал этиш усуллари ва йўллари ҳақида лом-мим дея олмасангиз, ёки ютуқларни назар-писанд қилмасдан фақат камчиликлар ҳақида гапирсангиз ноинсофлик қилган бўласиз.
Бировни айблаш осон, лекин, унинг ҳолатини тушуниш бўйича мулоҳаза юритиб кўрилса, танқиднинг кескинлиги анча суссайса керак. Чунки, ўша вазиятда балки сиз ҳам худди шундай, ёхуд шунга яқинроқ йўл тутган бўлармидингиз.
Авваламбор, танқидий фикрлашга ўрганиш мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни, бирор мавзудаги ёки масаладаги янги жиҳатларни кўра олиш, берилгандан кўра кўпроқ мазмундаги ғояларни ишлаб чиқиш, муаммоларни топиш ва уларни ҳал этиш, фикрларни далиллар билан асослай олиш, фикрлар ўртасидаги ҳар-хил тафовутларни топишга ҳаракат қилиш, таҳлилий ва мантиқий фикрлашни ривожлантиради.
Танқид бир томонга йўналтирилган тазйиқли муносабатдир, унинг ўрнига ўзаро ҳамфикрлилик билан самимий мунозара қўлланилганида икки тарафлама тенг ҳамкорликнинг самараси юқори бўлса, ажабмас.
Танқидга муносабат:
- Сени танқид қилишганда мудофаа учун қўлингга қалқон оласанми ёки, қаршилик кўрсатиш учун қиличга тутунасанми ёхуд камчиликларни англаш мақсадида кўзгуга боқасанми?
- Сенга панд-насиҳат қилишганда уни тўғри қабул қиласанми ёки менга ақл ўргатишяптими дея аламинг қўзғайлими?
- Танқид баҳонасида сенга биров ғараз тошини отса, сен ҳам ҳеч ўйловсиз унданда каттароқ нифоқ деворини қуришга киришасанми ёки яхшилик уруғини сепишга шайланасанми?
- Сен ўз фаолиятинг ва характерингни ўзинг танқидий нуқтаи назардан таҳлил қила оласанми?
- Нега сенга нисбатан айтилган камчиликларнинг зарбига ўзингнинг кўнгил ойнангни тўғрилаб қўйиб, ақл қоясини зўр куч билан четга суришинг ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
- Танқид келажакнинг меваси эканлигини била туриб ҳам, унинг дарахтини парваришлаш мақсадида нотўғри ўсаётган шохларини бутаб туришни адолатсизликка йўяверасан?
- Танқидга нописанд қарайдиган манманлик мағлубият уясида яшайди, сени ўша ерга бошлайди, холос;
- Нуқсон ва камчиликларни бўрттирувчи, хатоларни катталаштиришга интилувчи танқид таъмагирликнинг қуролига айланиши мумкин.
ТАНҚИДИЙ МУНОСАБАТ:
- Сени танқид қилишганда ҳимояга эмас, балки, танқидчи нуқтаи назари томонига ўтиб фикр юрит, шунда навбатдаги танқидларнинг олдини олган бўласан;
- Танқидни ёқтирмасанг унга ўрин қолдирма, бунинг учун эса ўз-ўзингни тез-тез танқид қилиб тур;
- Ўз тарози мезонингни маънавий ва иймон нурлари билан ўзинг созлаб турки, кўзингни шамғалат қилиб, ўзингни алдамасин;
- Авваламбор, танқидга ва қарама-қарши фикрларга тайёр тур, чунки оламнинг ўзи ранг-барангдир;
- Танқид кўзгусини ҳамкорингга шундай тутки, унга қараб даҳшатга тушмасин ва азобга мубтало бўлмасин, руҳини синишдан асрайдиган яхшилик ва ютуқли қирралари ҳам кўриниб турсин;
- Ноҳақ танқидга сабр ва мардлигингни қалқон қилки, ноҳақ танқиднинг ранги кўролмаслик, қилмиши ҳасад, турқи ғараз эканлиги ойдек ойдинлашсин;
- Танқиддан қочиш ҳам, ноўрин танқид ҳам ривож пайини қирқади;
- Танқидинг кўнгилни оғритар даражада чақувчи бўлмасин, аксинча, камчиликларни тузатишга бўлган иштиёқни ёқувчи бўлсин.
Муслима Ҳамроз