
Саволлар ва жавоблар
Савол: – Сен ўз дунёқарашингни янги даврга мос янгилай оляпсанми?
Жавоб: – Ҳа, албатта, ахир китоб, газета ўқияпман, фикрлаяпман, дунёни англаяпман.
Савол: – Замондан ортда қолмадингми, ҳеч интернетга «кирасанми» ўзи?
Жавоб: – Ҳа, интернет катта имконият, у ерда ҳам ўзига хос кутубхона кўп, яхши электрон китобларни, энг ишончли ва муҳим маълумотларни излаб топиб ўқияпман.
Савол: – Газетага ҳеч кимни мажбурий обуна қилиш мумкин эмаслигини биласанми?
Жавоб: – Ваҳима қилиш ўнига қалбингга қулоқ солиб кўр-чи, агар мутолаага эҳтиёж бўлса, ўзинг истаб обуна бўлавер. Агар маънавиятли, маърифатли бўлиш мақсадида комилликка интилиш эҳтиёжини сезмасанг, демак, уйғониш маърифатига муҳтожлигинг бор экан.
Савол: – Муҳим маълумотни ёзиб олишга қоғоз, ручканг борми?
Жавоб: – Телефоним бор, айтиб туринг ўзи ёзиб олади.
Савол: – «Китобхон» жамиятга эришиб бўладими?
Жавоб: – Ҳа, бунинг учун ўзи китобхон бўлган бошлиқлар жамиятда сардорлик қилиши керак.
Савол: – Жаҳон Интернет тармоғидаги айрим каналлар билан газетанинг фарқи нимада?
Жавоб: – Баъзи бир ижтимоий «каналлар»да кўнгилочар томошага қулай бўлган қисқа ва тезкор сатрлар, сон-саноқсиз фото ва видеолар шув этиб оқиб кетаверади, ҳатто таҳрир ва тафаккур қилишга улгуролмай қоласиз. Газетадан эса, маърифий ёғду таралиб тураверади, ундан қайта-қайта баҳраманд бўлиш мумкин.
Савол: – Телеграм ва телефон сўзларининг маънолари нима, биласанми?
Жавоб: – Ҳа, «теле» – узоқ, «грам» – ёзаман ва «фоне» – товуш маъноларини англатади. Хушёр бўл, телефонингга узоқ тикилаверсанг, асл ёзувни унутиб юбориб, охир оқибат қалбинг товушини эшитолмай қолишинг ҳеч гап эмас.
Муслима Ёдгорова, «Пешку овози» газетаси мухбири.
Хонзода Амруллаева, БухДУ босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси таълим йўналиши талабаси

