
Робита (Фикрат тўлқини)
Тўлқиннинг мавжланиб келишини шодликка, орқага чекиниб қайтишини маҳзунликка менгзаймиз. Аслида, уммон бағридаги баланд кўтарилиш тўлқиннинг авж пардаси, пастлаб тиниши эса сукунат сири бўлиши мумкин. Чўққилар тўқнашганда тўлқин ичида ғалаён жўш уради, исён бош кўтаради. Тўлқинлар чўккан жойда қўрқув ва хавотир қалқиб чиқади. Кўтарилишлар ва тушишлар кескинлиги тўлқинни синдириши мумкин! Тўлқин томчини ичар экан бағри тўлиб-тошиб томчилар титроғида бетиним тебранади. Тўлқин бизга олға интилиш шиддатини ва оғринмай ортга қайтиш ҳикматини ўргатади. Кўтарилишлар ва тушишлар моҳиятини ҳис этгач қалбимиз тўлқинланиб тўйғулар тўлқини тўлғонади. Ва шундай ҳузурбахш дамларда ўзимиз ҳам тўлқинга айланамиз, гўё. Коинот тўлқинига эврилиб кетишни, ҳаёт уммонида эркка тўйиниб оқишни истаймиз. Буюк ва бир бутун тўлқин измига ўзимизни топширар эканмиз, Яратувчидан кашф этилиш сурурини илтижо қилиб сўраймиз. Мослик ва хосликка уйғун бўлган тўлқин ўркачларида сузар эканмиз ўзимизни англашга интиламиз. Ўша тўлқин мезонига хуш келиш чоғидагина ижод бошланса ажабмас. Ва юрагимиз уруши даврийлиги бизни дамо дам гўзалликка пайваста эзгу робитага, очун билан ғойибона мулоқотга чорлашини истаймиз.
Муслима Ҳамроз
28.06.2023 йил

