
Куз қатлари
Кузги томоша беихтиёр диққатингизни тортади. Хазонрезги манзилида барглар омонат қалтираб турибди. Дарахтлар гўё қизғиш, сарғиш, зарғалдоқ шокилали либосга бурканиб олишганга ўхшайди, айниқса, ўрик дарахти ўз меваси тусини эслатади. Куз япроқлари куз яноқларини ял-ял безайди. Куз ўтиб боряпти ҳар одимида тусланибу хушланиб. Сиз ҳам куз ичра масрурона одим ташласангиз оёқларингиз остида куз изтироблари тўзғишини ҳис қиласиз ва уларни босиб ўтишдан азобланасиз. Шунчаки беозор қадам ташлай олмайсиз, озорланиш кўнгил боғигача етиб боради. Боғ-роғлар баргларини тўккани каби кўнглингиздан узуқ-юлуқ азоб тугунлари хотирага айланиб тўкила бошлайди, улардан воз кечиб, баҳорни севган каби кузакни ҳам сева олсангиз бас. Ахир, у ҳам умримизнинг бир фасли эмасми?! Унинг бекатида бир нафас тин олар эканмиз бутун борлиғимиз билан куз ҳамрозига айланамиз ва унинг шойисимон тўкис оғушида ўзлигимизга эвриламиз.
***
Мовий осмон қатларида шамол елканли қайиқларига чиқиб олган булутлар узоқ-узоқлардан сузиб келишади, куз чиройини томоша қилмоқ умидида. Ажойиб манзарадан ҳайратланган булутлар елкаларини қисиб, сузгичларидан сирғалиб тушар экан, чоки сўкилиб кетар даражада таранглашади ва ниҳоят ёмғирга айланиб дона-дона тўкила бошлайди. Ёмғир томчилари куз ғуборларини ювишга тушишади битта-битталаб. Улар ложувард денгизнинг сон-саноқсиз томчилари эканлигини унутишмаган, шу сабабли бўлса керак ерни қўмсашади, замин косасидаги уммонга интилишади. Ниҳоят, ернинг томирига кўк гумбазидан оби ҳаёт сепган барқут булутлар тарам-тарам бўлиб ҳар томонга сочила бошлайди. Бундан ороланиб осмоннинг юзи ёришади, қуёш борлиқ ичра еру осмонга нурларини сепади, жилмайиб. Куз ҳавосини эркалайди илиқ қўллари билан. Биз эса само мўъжизаларига боқиб, қалбимизда эзгу ҳислар тўлқинланишидан завқланамиз.
Муслима Ҳамроз
04.11.2021 йил

