Шеър

Капалак эффекти (эгиз шеър)

Кузнинг даричасин келдим сўроқлаб,
Йиллар йўл кўрсатар  сочиб гардини.
Йўллар йўрғалайди йироқ-йироқлаб,
Менга мунғаяди тўкиб дардини.
Дардим эзғилайди қалбим қийноқлаб,
Гўё билолмадим ҳар дам қадрини.
Сўлғин гулзорида учар ўйноқлаб,
Ипак капалаклар безаб умрини.
Қисқа дамларини қучар қийноқлаб,
Парвоз тўлқинига сунар меҳрини.
Қанот қоқаётиб аста ардоқлаб,
Сочар кузбоғига рангин зарини.
Олам чиройига боқсам мароқ-ла,
Қалбим гўзалликка йўяр барини.
Ёрқин зарғалдоқлар кетса ярақлаб,
Ажаб, титратади дилнинг баҳрини.
Маҳзун кўнгилларда ёнгай чарақлаб,
Тилаб туйғуларда кузнинг сеҳрини.

***

Агар беозор капалак қанотин қоқса,
Ажаб, қайдадир ножоиз титрайдир тўлқин.
Ажал ўтини алалҳақ дафаътдан ёқса,
Қанот тебратгач кўчгайми мудҳиш бир оқин.
Етиб келганда ғалаён тебраниб қалқса,
Инсон тўлқинли тўфондан чиқолмас бутун.
Баъзан ҳодисот табиат измида оқса,
Баъзи дилларга ташийди саодат юкин.
Умри йўлида кутмаган иқболи балқса,
Наҳот, ҳаттоки ўзгарар тақдири бетин.
Гувлаб гўзаллик сурури қанотга юқса,
Шунда эзгулик тўлқини келгайми яқин.
Инсон ғаройиб моҳият мағзига боқса,
Этгай коинот «Капалак эффектин» талқин.

Муслима Ҳамроз
25-28.09.2023 йил

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x