Тафаккур

Маънавият садоси ва маърифат қўнғироғи

Маънавият садоси инсонлар қалбига қўнғироқ жаранги мисол етиб бориб, уйғотгувчи руҳ бағишламоғи, қандай соз. Айни замонда унинг овозаси бизни эзгулик истагига ҳамтилак этса, адолат нидосига ҳамнафасликда гўзаллик нафосатига шайдо этолса. Қани эди, кўзларимиз нурли маъволарга тийрак боқса-ю, қалбан маънавият ҳикматини ҳис этолсак. Бугун маънавият оламига бегона назар билан боқишни ўргандик-ми? Эҳ, афсус! Беназир бу ҳикматлар оламидан ибрат олиш удумидан юз ўгириш шу қадар осон бўлиб қолдими-ки,  томошабоп бачкана видеолар кўргазмасига мафтунмиз?! Наҳотки, маънавият мезонлари асл моҳиятидан тескарига ўзгарган бўлса? Смартфон билан қуролланган оломон ғала-ғовурида маънавиятнинг “ожиз” садоси гўё, сўнишга маҳкум этилганга ўхшамаяпти-ми, замондош?! Нечун яхши ва ёмоннинг чегараси чаплашиб кетганга ўхшайди? Тўғри ва нотўғри тушунчалари тушунарсиз туйғуга айланди, гўё. Ҳақ  курашида наҳот, адолат қалқони ожизлик тимсолига айланиб қолган бўлса?

Токи, маърифат чироғи халқнинг қалбини ёритиб турар экан, маънавият садоси жаранг сочиб янграмоғи муқаррар. Маърифат чироғи илм туфайли ёниқ, тафаккур манзилидан қувват олгай. Тафаккур зиёси китоб қатларида жамул-жам экан, уни онгу шуурига сингдириш инсоннинг маънавий эҳтиёжи ва бурчи бўлмоғи даркор. Китоб, газета ва журнал ўқишдан воз кечган миллатдан жадид чиқиши амримаҳол!

Цицерондан:-Рим нега қулади? дея сўрашганда нима деб жавоб берганини биласизми? “Илм ўрганишга рағбат қилмасдик ва бефойда гапларни кўп гапирардик!”-мана унинг жавоби. Илм-фан сирларини ўрганишга бўлган маънавий эҳтиёжни қалбан туйиш, ҳис этиш учун ҳам мутолаа муҳим аҳамиятга эга.

Ҳақиқат шундаки, том маънодаги янгиланиш илм эгаллаш ва унинг амали туфайли рўёбга чиққай. Ижтимоий тармоқлар афсуски, аксарият ҳолларда кўзбўямачилик, аравани қуруқ олиб қочиш билан овора. Нима бўлди-ю, бизга китоб ва газетадан кўра интернет қулай ва маъқул, деб хулоса чиқарадиган ҳолга келдик.

Интернет илмига ошно бўлиш учун ҳам аввало мутолаа маданиятини эгаллаш шарт эмас-ми! Китоб ўқиш ва ёзиш инсонни мукаммаллик сари етаклайди, тараққиёт механизмининг муҳим мурувватига айлантиради. Виртуал олам ўзанида адашмай қадам босиш учун ҳам инсон тарбият сабоқларидан баҳраманд бўла олиш кўникмасини эгаллаган бўлиши зарур эмас-ми?!

Интернет чархпалаги олмаҳон ғилдираги сингари айланар экан, одамзод унинг сиртмоғидан беозор чиқмоғи мушкул. Маънавият садоси ва маърифат чироғигина бизни тўғри йўлга бошлай олади. Замондош, маънавий бойлик қалбимизни тўлдиришида, маърифат зиёси ички оламимизни нурафшон этишида сизу бизнинг мақсад ва саъи-ҳарактларимиз муҳим мезон эканлигини унутмаслигимиз керак.

Муслима Ҳамроз

08.07.2024 йил

 

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

1 Комментарий
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
Nizomiddin O'rmonov
7 месяцев назад

MANA SH iqtibosning manbasini ko’rsatish mumkin-mi?
………………Цицерондан:-Рим нега қулади? дея сўрашганда нима деб жавоб берганини биласизми? “Илм ўрганишга рағбат қилмасдик ва бефойда гапларни кўп гапирардик!”-мана унинг жавоби. Илм-фан сирларини ўрганишга бўлган маънавий эҳтиёжни қалбан туйиш, ҳис этиш учун ҳам мутолаа муҳим аҳамиятга эга……………

1
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x