Мақола

Мутолаа илму маърифатга йўллайди

Бундан бир неча йиллар аввал қўлимга “Маърифат” газетасининг бир йиллик жамланмаси тушиб қолди. Бу гўёки мўъжиза каби эди. Газетада берилган эркин ва мустақил фикрлаш, психология, замонавий педагогик технологиялар, умуман тарбияга оид мақолаларга қизиқишим зўрлигидан уларни ўқиш билан бирга қўлимга дафтар, ручка олиб бўш вақтимда конспектлаштириб ёзишга киришдим. Газетадаги педагогика фанлари номзоди Нурали Саидахмедовнинг серия тарзида кетма-кет берилган мақолаларини мустақил ўрганиб, уларни дарс жараёнига қўллай бошладим. Шунингдек, бошқа қўлланма ва дарсликлардан педагогикадаги инновациялар бўйича изланиб, ноанъанавий дарс ишланмаларини тайёрладим. Кейинчалик тадқиқотларим Самарқанд давлат университети профессори, Халқаро педагогика фанлар академиясининг мухбир аъзоси О.Қувондиқовнинг назарига тушиб, бир неча бор республика миқёсидаги конференцияларда маърузаларим билан қатнашдим. Бухоро давлат университети профессори С.Қаҳҳоров билан ҳаммуаллифликда “Физикадан модулли дарс” номли илмий-услубий қўлланмам 2006 йилда нашр этилди. Газета мени илмий изланишга, яъни тадқиқотчиликка йўллади десам муболаға бўлмайди. Замонамизнинг шундай улуғ олимларига шогирд бўлиш саодатига эришдим. “Маърифат” газетасини ва унинг ижодкорларини устозим дейишга ҳақлиман.

“Пешкў овози” газетасини ҳар сафар қўлимга олганимда унинг маърифатпарварлик хусусиятларини, маънавий жозибасини ҳис қиламан, йиллар давомида у ҳам мени ўзининг жўшқин оламига шу қадар жалб этди-ки, натижада, самимий мулоқотимиз кучайди. Ижодий ҳамкорлик туфайли онг ва тафаккурга бевосита таъсир этувчи ахборотлар оқимини саҳифаларда ёритиш масъулияти, машаққати ва сурури нақадар фарахбаҳш эканлигини ҳис этяпман. Газета таҳририятидаги қайноқ ҳаёт жабҳасига қоришиб кетиш учун албатта, ижодкорлик мавқеини оқлаш муҳим ҳисобланади. Ҳа, газета ва журналлар сиз учун ижод олами эшикларини янада кенгроқ очмоқликка шайлиги унинг саҳовати, марҳаматидир, сиз ҳам унинг йўлига пешвоз чиқишга шайланинг!

Юртимиздаги мутахассис кадрларга қўйилаётган юксак талаблар ҳар бир шахснинг ўз билим, малака, кўникмаларини, ва қобилиятини ўзи тинимсиз ўстириб боришига эришишини тақозо этади. Ҳар томонлама комилликка эришишда мутолаа муҳим аҳамиятга эга. Газета мутолааси ҳам инсон дунёқарашини ўстиради, турли соҳалардаги янгиликларни ўқиб руҳланасиз, онгингизда янги фикрлар, ғоялар туғилади, шу билан бирга мавжуд иқтидорни, савияни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш эҳтиёжи ўсади.  

Азал-азалдан қулочни кенг очиб, газетадаги янги, керакли, қизиқарли, тўлиқ, фойдали маълумотлар билан танишиш, арзимас, майда-чуйда гаплар ўрнига ҳамкасблар, дўстлар билан мақолалардан олинган таассуротлар ҳақида мазмунли суҳбат қуриш маданият белгиси саналган. Маълумки, маънавиятга эришмоқ учун аввало маънавиятга, маърифатга интилиш эҳтиёжини қалбга жо қилиш зарур. Маърифатнинг порлоқ йўлига газета сизни хилма-хил нурли сўқмоқлари орқли йўлласа  ажабмас, дейишади тажрибали журналистлар.

Технологиялар жадал ривожланаётган шароитда медиа маданият, медиа саводхонлик ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Аксарият информациялар ижод тегирмонидан ўтказилмай туриб, муайян воқеликлар видео ёки тасвир кўринишида, ёхуд, жараённинг асл моҳияти очиб берилмаган матн шаклида ижтимоий тармоқларда тезкор суръатда тарқатилаётганлиги сир эмас. Холис ахборотни олиш, салбий маълумотлардан ўзини ҳимоя қила олиш, тарқатилаётган медиа маълумотларни мулоҳаза чиғириғидан ўтказиб, оқилона мушоҳада юритиш орқали “истеъмол” қилиш медиа маданият белгиларидандир. Айниқса, ёшларда тинимсиз оқиб келаётган информацияларга хушёрлик билан танқидий назар ташлай олиш, маънавий мушоҳадакорлик билан ўзининг руҳият ҳудудини ҳимоя қилишга ўрганиш орқали медиа саводхонлик маданияти шаклланиб борса ажабмас.  

Замон билан ҳамнафас бўлишни, жамиятимиз ҳаётидан хабардор бўлишни истасангиз, ўзингизни унга даҳлдор деб билсангиз ва фикрлашдан тўхтаб қолмай десангиз газета ўқинг, ўқиганда ҳам шунчаки эмас, балки, маънавий озуқа олмоқ имкониятидан бебаҳра қолмаслик учун ўқинг!

   Муслима ЁДГОРОВА

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x