Табрик.
Мақола

Ижодкорлар билан учрашув

Ўлкамизда баҳор нафаси кезмоқда. Янгиланиш фаслида айниқса, байрамлар байрамларга уланиб, турли тадбирлар ҳам байрамона тус олади. Юртимиз бўйлаб маҳаллаларда, корхона ва муассасаларда баҳор ва Наврўзга бағишлаб сумалак сайллари, байрам тадбирлари уюштириш одат тусига кирган.

Куни кеча тумандаги 4-ИДУМИда ижодкорлар билан ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда дастлаб мактаб-интернатнинг ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчиси Муқаддам Турсунова баҳор фаслининг таровати ва нафосати ҳақида, гуллаб яшнаган табиатнинг инсонлар кўнглида гўзал ҳис-туйғулар уйғотувчи сурури тўғрисида тўлқинланиб сўзлади. Сўнгра ушбу билим даргоҳининг қалам тебратиб шеърлар машқ қилаётган, истеъдоди ғунча янглиғ ниш уришга чоғланаётган ўқувчиларни давра тўрига чорлади. М.Ҳайитов, К.Камолова, У.Бозоров, Ж.Сайфуллоева, О.Амруллаева, М.Ҳўжамуродовлар ўзларининг баҳор, Она Ватан ҳақидаги шеърларидан намуналар айтиб, тадбир иштирокчиларининг олқишига сазовор бўлишди. Шунингдек, ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар барчани ҳушнуд этди.

Ўз навбатида учрашувга ташриф буюрган ижодкор устозлар ҳам шеърларидан ўқиб бериб, ёшларга самимий истак ва эзгу тилакларини билдиришди. Тадбирда фаол қатнашган ўқувчиларга совға сифатида ўзларининг китобларини топширишди.

Шундан сўнг, жорий йил 21-24 феврал кунларида Қирғистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Қирғиз – Ўзбек адабиёти—дўстликнинг олтин кўприги” номли адабиёт фестивалида бевосита иштирок этиб келган Дилафруз Облоқулова милатлараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлашга бағишланган ушбу тадбир таассуротлари ҳақида сўзлаб берди. Ана шу фестивал доирасида “Қирғиз-Ўзбек адабиёти—дўстликнинг олтин кўприги” номи остида нашр этилган китоб тақдимотида Д.Облоқулова “Макмал-креатив” ижодий уюшмаси томонидан “Аалам Алкагы” медали билан тақдирланди. Шу ўринда фахр билан айтиш жоизки, кўплаб халқаро мукофотлар соҳибаси Дилафруз Шуҳрат қизи асли пешкулик. У Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Италия, Ҳиндистон, Миср Араб Республикаси, Россия, АҚШ каби давлатларнинг адабиёт, санъат ва маданият ҳамжамиятида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айни пайтда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети 3-босқич талабаси Д.Облоқулова Қорақалпоғизистон Республикаси “Қизлар овози” клубининг “Ахборот ва медиа йўналиши” координатори ҳам ҳисобланади. Шунингдек, у “Жаҳон истеъдодлари уюшмаси” ва “Қирғиз шоир-ёзувчилари жамоат фонди” аъзосидир.

Бишкек шаҳрида чоп этилган тўпламдан “Турон” ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Абдураззоқ Сатторов ҳамда “Пешку овози” муҳбири, шоира Муслима Ёдгорованинг ҳам ижодий ишлари ўрин олган. Шу муносабат билан Д.Облоқулова А.Сатторов ва М.Ёдгоровага Қирғизистон Республикасининг “Макмал-креатив” ижодий уюшмаси тақдим этган китоблар тўплами ҳамда ташаккурномаларни тантанали равишда топширди.
Тадбир якунида ижодкор устозлар ва ўқувчилар ўртасида қизиқарли савол-жавоб бўлиб ўтди. Ҳеч шубҳасиз, бундай тадбирлар ёшларни ижодкорликка, пухта билим эгаллашга чорлаб, уларнинг қалбида порлоқ келажакка йўлловчи орзу-умид чироқларини ёқади ва ўз олдига юксак мақсадларни қўйиб, олға интилишга ундайди. Устозларни ютуқ билан қутлаб, ижодий ишларига омад, ўқувчиларга ҳам муваффақиятлар ёр бўлсин деймиз.

С. ФАЙЗИЕВА,
Республика Маънавият-маърифат
маркази Пешку туман бўлинмаси раҳбари

5 3 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x