Мақола

Жамоат газета ўқимаса…

Жамоат газета ўқимаса…

“Китоб, газета-журнал ўқийдиган одамга панду насиҳат даркор эмас.
Аммо газета ўқимайдиган одамлардан қўрқиш керак. Айниқса у раҳбар бўлса…” Хуршид Дўстмуҳаммад

Мақолани ёзиб бўлиб, шу мавзуда бирор фикр учратарманми деган ўй билан юрган эдим. Қарангки, “Ҳуррият” газетасининг 2024 йил 17 июлдаги сонида устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг юқоридаги гапини ўқиб қолдим. Инкор қилиб бўлмайдиган оғриқли ҳақиқат!
Айни замонамизда миллатнинг маърифатпарварлари ким?
Улар-зиёлилар! Яъниким, уларнинг сафида ёзувчи- шоирлар, журналистлар, ўқитувчилар, врачлар ва жамиятнинг жами илғор вакилларини санаб ўтиш мумкин. Энг муҳим бўғин эса зиммасига лавозим вазифаси юклатилган барча раҳбарлардир!
Агарки, зиёлиларнинг ҳар бири мунтазам равишда китоб мутолаа қилмас, газета-журнал ўқимас экан, уларнинг зиёлилик хислатида пайдо бўладиган нуқсонлар туфайли салоҳияти саёзлашиб бормайди деб, ким кафолат бера олади.
Тараққиёт мезони инсоннинг дунёқараши ва тафаккурининг ўсишида, маънавиятининг юксалишида намоён бўлади. Зиёлилар орасида бугунги кунда қанчадан-қанча китоб, газета-журнал ўқимайдиган “улуғлар” борлигини тасаввур қилиб кўринг! Миллат ишонадиган, суянадиган зиёлиларнинг айримларининг китоб зиёсидан узоқлашиб улгурганлигини эл-улус тушуниб етдими-йўқми?! Оддий халқ учун муҳим бўлган маънавий-маърифий ибратнинг ошкора йўқолиб бораётганлиги ачинарли ҳол эмасми?! Зиёлилар айниқса, раҳбарларнинг ўзи обуна бўлмаётган газеталарга халқ эътиборининг йўқлиги таассуфки, одатий ҳолга айланмоқда.
Газета ўқимайдиган, қўлида смартфонлар билан қуролланиб йўлга отланган авлодга гувоҳ бўляпмиз. Афсуски, биз ҳам шу жараённинг иштирокчисимиз.
Халқни маърифат излашга чорлаш ҳар бир зиёли инсоннинг маънавий бурчидир. Биринчи бўлиб ташкилот, муассаса, корхона раҳбарининг ўзи газета ва журналларга обуна бўлса, ҳеч шубҳасиз қўл остидаги мутахассис ходимлар ҳам обуна бўлади. Бу ҳаётий исботини топадиган ҳақиқатлардан биридир. Турли важ-карсон тўқишдан тийилиб, халқимизнинг маънавий манфаати учун амалий ишга қўл урмоқлик фурсати етди.
Газета таҳририятида ишлаш жараёнида шу нарсани англадимки, “Газета маърифат дарахтининг хазонбилмас япроқлари кабидир”. Биз уни парваришлашимиз, ундан баҳра олишимиз, ёшларда сўз қудратининг улуғвор кучини ҳис этиш туйғусини шакллантириш ва ривожлантиришда ўрнак бўлишимиз зарур.
Интернет тармоқларида тез суръатларда оқиб ўтаётган қисқа ва “қолип”га солинган ахборот дейсизми, видеороликлар, реелслар, фотолавҳалар дейсизми уларнинг барча-барчаси ҳар қанча қизиқарли бўлмасин, қанчалик маънавий қийматга эга деб, ўйлаб қоласан киши. Шунчаки кўз томошаси, қалбда шуур уйғотмайдиган, тафаккур қилишга ундамайдиган бундай томошагоҳ ихлосмандларидан келажакда нима кутиш мумкин?!
Газета таҳририяти ва Матбуот котибиятидаги ижодий жараёнларни ва шу жараёнда яратилган маҳсулотларни мантиқий, адабий, илмий жиҳатдан таққослаб кўринг! Ҳаммаси ойдинлашади. Матбуот хизмати оммага йўллаётган хабарларида таҳлилий, танқидий ва фикрлашга ундайдиган матн топа оласизми? Фото ва видеолавҳалар остига жойлаштирилган шунчаки ва юзаки тезкор хабарларга дуч келасиз, холос. Миллатнинг маънавиятини юксалтириш, халқни маърифатга тарғиб қилиш йўлида интернет тармоқларидаги хабарларнинггина ўзи етарлими? Табиийки, уларни тўлдириш учун тўлақонли, моҳиятан салмоқли кучга эга газета ва журналларга эҳтиёж сезилади.
Газетадан юз ўгирган жамият интернет ўзанларидаги шов-шувлар исканжасида қалқиб ўтаётган оқимга ўхшайди.
Газета ўқимайдиган жамиятни тасаввур қилинг, улуғвор мақсадлардан маҳрум қилинган, маърифий йўлдан оғиб кетаётган, қалб қўри сўниб бораётган аҳолига дуч келасиз.
Наҳот “Инстаграм”, “Фейсбук”, “Ютуб”, “Телеграм” каби интернет тармоқларига кириб, соатлаб адашиб юриш инсонларнинг оддий ҳаёт тарзига айланиб улгурди.
Қалби уйғоқ бўлиши учун ҳам инсон қалб меҳнати билан мунтазам шуғулланиб туриши зарур. Қалб меҳнати бу мутолаадир!
Енгил-елпиликка кўникиб қолган авлоднинг маънавий оламида бўшлиқ пайдо бўлиши мумкинлиги зиёлиларни ташвишга солмаса, бу ачинарли ҳол!
Тан олиш керак, мамлакатимизда жуда кўплаб иқтидорли ёшлар илм йўлидан бориб, салмоқли ютуқларга эришмоқда. Бироқ, таъкидлаш жоизки, зиёлилар ва турли даражадаги раҳбарларнинг барча-барчасининг ўзи китоб ва газета-журнал ўқимас экан, жамиятда маънавий юксалиш юз бериши даргумон. Китоб ўқиш ҳамда газетага обуна бўлиш мажбурияти зиёлиларни безовта қилмас экан, маънавият ва маърифатга чорламас экан оддий халқ йиллар ўтган сайин жаҳолат ботқоғига ботиб боравериши муқаррар. Сармояни илму ирфонга сарфлаш шубҳасиз порлоқ келажакка замин бўла олади.
Сўниб бораётган газета машъалини қайта ёндириш ҳам, унинг зиёсидан баҳраманд бўлиш ҳам ўз қўлимизда. Моддият билан маънавият бир бутунликда инсон ҳаётини гўзал қилади. Газета ўқимаётган миллатнинг бахти кемтик эканлигини англаш учун афсуски, йиллар сурони керак бўлади. Маънавият ва маърифатдан йироқлашган элнинг илму ирфон дарёси қуришга маҳкум.
Яратган томонидан йўлланган белги ва аломатлар қўнғироқ жарангига ўхшайди. Табиий офатлар, қирғинбарот урушлар нимадан огоҳлантиради?! Кўз ўнгимизда Оролнинг қуриши, оқибатда унинг атрофида ҳаёт инқирозининг тузсимон белгиларининг пайдо бўлиши ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Ташвиш чекар эканмиз сабаб ва оқибатлар ҳақида бош қотирамиз. Ана шунда табиат инжиқликлари олдида ожизлигимизни чуқурроқ ҳис қиламиз. Аммо, бизнинг ҳар бир босган хато қадамимиз изидан офат униб чиқиши мумкинлигини тасаввуримизга сиғдира олмаймиз. Бефарқлигимиз оқибатида маънавий оламимизни емирувчи зилзилалар пайдо бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Миллатнинг маънавий манфаати ҳақида бонг уриш фурсати етмадими?!
Китоб ҳақида кўп гапириб, китоб ўқимаётган элатга айланиб қолдикми?! Газетадан юз бурган миллатга айланиб қолмоқлик-бу қандай мағлубият?!
Халқимиз хушёр тортишга тайёрми?!
Фаровон яшашнинг негизида инсоннинг қалбида китобхонлик ва газетхонликка бўлган эҳтиёжнинг мавжудлигида стержен вазифасини ўтайдиган муҳим жиҳат бор. Характери ўзагида билимини ошириш, ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш, ижод қилиш, янгиликлар яратиш иштиёқи бўлмаган одам ҳаётини тўла-тўкис фаровон деб бўлмайди. Саодатли умр кечириш учун моддиятга қанчалик эҳтиёжимиз бўлса, маънавият муждаларига шунчалик муҳтожлигимиз бор. Фақат моддий эҳтиёжлардан қониқиб яшаш, маънавий юксалиш ҳақида қайғурмаслик айни ғофилликнинг ўзи эмасми?!
Шу нарса аёнки, маънавият-маърифат ёғдуси атрофида бирлашгандагина халқ идроки ўсиб, иродаси қудратли кучга айланади.
Муслима ЁДГОРОВА
12.07.2025 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x