Мақола

Таҳририят – ижодхона (Маҳорат мактаби)

Баъзан, нега газета мени бу қадар ўзига жалб этади, деб ўзимдан сўрайман. Ҳақиқатдан ҳам унинг жозибаси, сеҳри-ю меҳри борлигини ҳис этиш қизиқ. Айниқса, таҳририятда ишлай бошлаганимдан бери у мен учун қадрдон дўст, ҳамкор, ҳамфикр, илҳомбахш манба сифатида аҳамиятли.

Таҳририят – ижодхона.
Таҳририятга келган айрим мақолаларни таҳрир қилиб тузатишга тўғри келади. Бир гал таҳририятга йўлланган маърифатпарвар жадидчи аждодларимиз ҳақидаги мақолани синчиклаб ўқиб чиқдим. Мавзу моҳиятини яхшироқ англаб олиш ниятида дарҳол интернетдан керакли маълумотларни излай бошладим. Республикада чиқадиган газета ва журналларда чоп этилган мавзуга доир мақолаларни кўздан кечирдим. Мақолани таҳрир қилиб, мазмунан бойитишга киришдим, ундаги баъзи ортиқча, ғализ жумлаларни қисқартириб, услубий жило бердим. Газетага босилиб чиққач мақола муаллифи менга қўнғироқ қилиб, миннатдорчилик билдирди ва муҳим маълумотларни қаердан олганлигимга қизиқди. Турли манбалардан изланиб мақола устида такрор-такрор ишлаганимни, айрим гапларни қайта тоблаб кўнгилга ўтиришганидан кейин қайд этганлигимни, эринмасдан уч марталаб кўчириб ёзганлигимни айтдим. Фикрни оғзаки баён қилиш осон аммо, тил қоидалари асосида хатосиз ёзиш қийин дейишади.

Дарҳақиқат, бир мақолани меъёрига етказиб ёзиш учун унинг устида соатлаб ишлаш, қайта-қайта қоғозга кўчиришга тўғри келади. Бошқа бир муаллиф ёзган мақолани таҳрир қилиш ўзгача мураккаб иш. Мақоланинг аслини тубдан ўзгартириб юбормай туриб унга сайқал бериш ҳам ижодий меҳнат ҳисобланади.

Иш жараёнида бир мусиқа фани ўқитувчиси ҳақида тақдим этилган маълумотларга кўра мақола ёзишим керак эди. Мақолага озгина бўлсада мусиқа санъати руҳини сингдириш мақсадида интернетга мурожаат қилиб мусиқа фанининг ўзига хос услубиятига оид материалларни ўқиб, ўргандим ва шундан сўнг уни уни ниҳоясига етказдим.  Мақола газетада чоп этилгач, ўқитувчи менга қўнғироқ қилди. Хурсанд бўлганини ва ҳайратини яширмади. «Мутахассисликка оид фикрларни ўқиб, бирор бир бошқа мусиқа фани ўқитувчисидан маслаҳат олган бўлсангиз керак деган ўйга бордим» – деди.

Инновацион технологиялар ривожланган ҳозирги замонда исталган мавзуда манба топиш, электрон китоб, луғатлардан фойдаланиш имконияти кенглигини, фақатгина кўчирмачиликдан сақланиб ижодий, таҳлилий ёндашиш зарурлигини унутмаслик керак.

Маълумки, газетанинг шеърият саҳифаларида таниқли, улуғ шоирларнинг дилга яқин шеърларидан бериб борилади. Ижод эркинлиги ҳар бир инсон учун ажойиб имконият, таҳририят эшиги барча учун очиқ, албатта. Турли ёшдаги айрим ҳаваскор қаламкашлар ўзлари машқ қилган шеърларини таҳририятга таассуфки «енгилгина» олиб келишади. Аммо шеърнинг юки оғир! Шеър битилган қоғозни олиб таҳрир ва тақриз қилиш учун иш столимга эгиламан ва чор-атрофни унутиб шеър оламига шўнғийман. Ҳатто салгина шуълаланишга мойил сўз, йилт этган нуқта, очқич вергул диққатимни тортса шеър руҳиятини англашга уринаман. Бошдан оёқ такрор-такрор ўқийман, баъзида бегона сўзлар мисраларга ўрнашолмай осилиб қолгандек туюлади, баъзи қаторлардан ғулу таралиб ғашлана бошлайди, улардан холисона қутилган маъқул. Муаллифнинг ўзигагина хос илҳоми билан сирлашишга ҳаракат қиламан, у кезган кенгликларни тасаввуримда уйғотаман, саволлар туғилади, муносиб жавоблар излайман. Айрим мисраларда етишмаётган оҳангни созлашга уринаман, сарлавҳа мазмунга мос тушмаган ҳолларда уни ўзгартиришга эҳтиёж сезилади. Шеърга сайқал беришда ҳам қалб изтиробга мубтало бўлади. Шеърият-инжа санъат, унинг нози, фусункор кечмиши, оҳанрабо овози бор.

Ахир шеърият бу гўзаллик олами, нафосат бўстонидир. У нафис ҳис-туйғулар оғушида жўшиб-тошиб туғилмоғи ва мухлислар қалбига етиб бормоғи муҳим. Шеърга шайдо бўлган инсоннинг қалби гўзаллашиб, фикри теранлашиб, туйғулари юксалиб боравериши айни ҳақиқат. Хуллас, муаллиф билан фикр алмашиб бир хулосага келамиз. Бу каби мулоқотлар ижод сабоғига айланса, шояд ҳаваскор ижодкор илҳомига қанот бағишласа, дейман. Мени эса таҳририятдаги қизғин жараён ўзига ром этаверади. Ҳаётни, адабиётни севган инсон шубҳасиз газетани қадрлайди. Қайсики халқ ичида газетани инъкор этиш авж олган бўлса, демак, бу жамиятнинг руҳиятида маънавий-маърифий нуқсонлар белгиси юз кўрсатаётганлигини билдиради.

Газета жамланмасига боқинг, тарихий манзаралар, адабиёт «иншолари» битилган саҳифалари ёйиқ китобга ўхшайди. Шу битикларга қалбан назар ташлаш эҳтиёжи мунтазам мутолаа шарофати билан ҳосил бўлгай. Ҳар бир саҳифаси таҳририят жамоасининг журналистик чиғириғидан ўтган, машаққат чекиб ёзилган, дил изтироблари кўчган газетани қўлимга оламан. Сизни ҳам газетанинг масрур ижод оламига чорлаб, мутолаа шукуҳини тилайман.

Муслима Ҳамроз. 13.01.2022 йил

4.2 5 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x