
Аслият қалбда
- Баландлик яхшида, бу-турмушдаги икир-чикир, майда-чуйдалардан юқори туриб эзгу мақсадлар сари интилмоқликдир. Бу оламни англамоқ умидида тинимсиз изланиб, ўз-ўзини ривожлантира олмоқликдир. Баландликда руҳий юксалиш бор, ўсиш бор. Баландлик-бу қалб уйғоқлигидир.
- Баландлик ёмонда – агар манманлик туфайли ўзни бошқалардан устун қўйишга мойиллик бўлса. Бу-мақтанчоқлигу кеккайишни одат қилмоқликдир. Кибру ҳаво аслида пастликдир.
- Пастлик яхшида, бу-юксакларга нигоҳи қадалган камтарлик бўлса. Бировларга озор бермаслик, инсонларни эъзозлашдир. Бу ҳар қандай вазиятда сабр-қаноатлиликдир, сахийлик ва мурувват кўрсатмоқликдир, ўзликни англашдир.
- Пастлик ёмонда, бу-ўзгаларга паст назар билан қараш, уларнинг дилларини оғритишдир. Ўзини бошқалардан устун тутмоқ мақсадида иғво, туҳмат, ғараз, ҳасад кабиларга таянмоқликдир. Пастлик – бу тубанликка тортувчи ғафлатдир.
- Кенглик- яхшида, у- чексизлик сирларини билишга ва мукаммалликка интилишдир. Унда илм кенгликларида ривожланиш имконияти бор, кенг кўнгилга бутун олам сиғади. У орзу ва хаёл учун етиб бўлмас чегара, фикрлар парвоз этадиган макон. Эзгулик уруғларини экиш учун поёнсиз ҳудуд. Улуғлик тафаккурнинг кенглигида намоён бўлади.
- Кенглик- ёмонда, агар у ўз ўрнини билмай бошқаларнинг сарҳадига бостириб кирса. Аслида у ўзига қулай бўлиши учун ўзгалар ҳуқуқини поймол этувчи торликдир. У ўз ҳаддидан ошувчи бошқаларни менсимаслик фазосидир, унда эҳтиёжидан ортиқ маконни эгаллаш истаги кучлилигидан у ҳатто ўз қобиғида ҳаддидан ажрагулик даражада кичрайиб бораверади.
- Нафс-яхшида, у илоҳий неъматдир, нафс «ўзлик»дир. У яшаш ва ривожланиш қувватидир, тириклик, меҳнат ва ижод қилиш эҳтиёжидир. Хотиржамлик, сокинлик унга хосдир. Нафсни таниш-нафсни тарбиялаб, тизгинлаб, итоатда сақлаш ва уни жиловлаш орқали бўлади. Нафсни қаноатли қилишда, руҳиятни нафс васвасаларидан, ҳою-ҳавасга берилишдан сақланишда, ҳақиқатга басират кўзи билан боқишда яхшилик мужассам.
- Нафс-ёмонда, агар у «нафси аммора» бўлса, у баднафсликдир, чунки у ёмонликка буюргувчидир. У ғазаб ва барча ёмонликларни ўзида жамлаган зўровон кучдир. Унда дунё истакларига майл кучли, мансаб ғами бор, кўп гапиришнинг шириш таъми бор, кайфу-сафо, ҳузур-ҳаловат бор. Мол-дунёга берилган одам нафс бандасига айланиб бораверади. Нафси учун яшашда хорлик бор. Нафс одамнинг ички душмани. Ёмон нафсдан қутилишнинг чораси нафсни тергаб, уни тийишга одатланишдир.
- Ўзни яхши кўриш- яхшида, у жони қийналсада бошқаларга ёрдамини аямасликдир. Бировларнинг кўнглига озор бермаслик учун ўз қадамини ўйлаб босишликдир. Ўзи ҳақ бўлсада, жанжалнинг олдини олиш мақсадида тилини тийишликдир. Аслият қалбдадир.
- Ўзни яхши кўриш-ёмонда, агар у ўз ҳузурини ўйлайдиган худбинлик бўлса. Ҳақми-ноҳақми ҳар қандай мунозарада ўзининг сўзини ўтказишга интилади, бошқаларнинг хоҳиш-истаги билан ҳисоблашмайди. Ўзига нисбатан қилинган ёмонликларни унутмайди ва кечирмайди, кек сақлайди, гина-кудрати кўп бўлади. Бу аслида ўз манфаатини ҳаммадан устун кўрувчи кўнгилдаги ёмонлик аломатидир.
Муслима Ҳамроз
03.04.2014 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые