
Фикрат учқунлари
- Ташбеҳлар билан безанган инжа шеър ҳам ифорли раъноси, ҳам ҳусни аълоси, ҳам камоли маъноси ила дилларни мафтун этади;
- Илҳомий шеърларда маиший қобиқлардан чиқиб, чексизликка интилиш парвозлари бўй кўрсатиб туради;
- Шоир ўз шеърини санъаткорона ижро этолмаслиги мумкин, аммо, юксак санъат даражасида шеър битиши муҳим;
- Тиниқ ва илиқ илҳом булоғида қайнамай, қайноқ ва қийноқ туйғуларга ғарқ бўлмай туриб шеър ёзиш мумкинми?!
- Хассос шоирларнинг мумтоз шеърларидан илҳомланмаган қалб таассуфки, уруғ қадалмаган тупроққа ўхшайди;
- Шеърият борки, қалб олами мунаввар; ғазалиёт ёрки, дил найидан наво таралгай; ашъор битгайки, кўнгил бўстони гул-гул очилгай;
- Шоир илҳомга ошно-ю сўзга ошиқ бўлиб, ўзини ишққа яқин-у туйғуга оқин тутиб, хаёлот қанотларига суяниб, кўклам кулганда суюниб Тонгни кутади;
- Булбул ёниб сайраса навобаҳш белги, балки, кўнгил қушинг куйлайди қўшиқ. Ёмғир шаррос ёғар кўкдан ишора, ажабки, қалбингда ҳам гумбурлар чақмоқ. Хушбўй сабо елса не бир аломат, дилдаги ифорларни таратар гўё;
- Кўкарган заминда қуёш оташи нурларининг изи бор, билки, у жон томирига туташган қувват илдизидир.
Муслима Ҳамроз
29.03.2023 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые