Ахборот шовқини
Ҳар биримиз ҳар куни шубҳасиз телеграм ўзанига гуруҳ-гуруҳ бўлиб, баъзида яккаҳол шунғиймиз.
Телеграм ўзанлари мисли бир карвондир. Сўз ташийди, елкасида ахборот юки. Суратлар ва тасвирлар келар шиддаткор, учқур тасаввур кўзга энади. Маънодор ҳарфларни ўзингиз қаданг, токи униб чиқсин дил изҳорингиз. Ўзаннинг бойлиги мазмун туҳфаси-ю моҳият жилосига ҳамоҳанг бўлсин. Қалбимизни маънавий туйғуларга тўлдирсин, зеро қуйилиб келаётган сохта хабарлар, ёлғон маслаҳатлар, нобакор имо-ишоралар онгимизни алдамасин. Ўзанни ҳаддан зиёд ошиб-тошиб келаётган беъмани иштибоҳлардан тоза тутиш, ғализ фикрлар қутқусидан асраш ҳар биримизнинг бурчимиз. Хушёр тортайлик! Телеграм канали асабларни қақшатадиган ўйин майдони, ёҳуд тошойнали кулгу йўлаги, обуначилар эса қўғирчоқ эмас. Ўзимизни ҳурмат қилсак ушбу каналга ортиқча ва кераксиз, саёз ва бемаъни, вақт ва “байт” ўғриси бўлган, ёнимиздаги тармоқ кузатувчиларига моддий ва маънавий зиён етказадиган постларни қўйишдан ўзимизни тийишга ўрганайлик. Ҳар бир қўйган постимизга масъул эканлигимизни унутмайлик. Мулоқот карвонимизни покиза сақлайлик, йўл-йўлакай ғуборлар илашмасин. Ёт унсурларга тўлгач оғир хуржун атрофида ўралашиб издан чиқмасин. Фикрларимиз мазмунли, сукутимиз гўзал, нутқимиз равон, суҳбатимиз ифодали ва фойдали бўлсин!
Муслима ҲАМРОЗ
28.12.2025 йил


