
Сўз (мансуралар)
Чексиз ложувард фазода беқиёс фикрат садоси қанот қоқиб учмоқда. Фикрлар унсиз учса, сўзлар шивирлай бошлагай, уларнинг ранг-баранг рамзларда, минг хил тусда товланишини томоша қиламан. Айримлари эркин парвозга шайланиб, кўкларга учади, баъзилари ерга қулайди ярадор мисол. Бақироқ сўзлар сукунат сўзлар билан тўқнашса не дард. Эҳeе, ўхшаш ва бегона, эгизак ва ягона сўзлар сўйлайди ғаройиб эртак. Ноёб сўзлар ўз қадрини билади ва гўё сирлар пардаси ортига бекинмоқ истайди, уларни излаб топиш иштиёқи мени қийнайди. Мағрур сўзларга ҳавасим келиб қаддимни тиклайман. Гўзаллик сўзи қип-қизил атиргул юзида балқиб мени ўзига мафтун этади. Армон сўзи ортидан маъюс боқиб қоламан, орзу-умидли сўзлар эса қанот ёяди.
Мени ҳис қилган сўзларни илғаб олавераман интиқиб, улар билан дардлашаман қалбим гурунгида. Сўлғин сўзларни сийлайман, қувватга тўлса зора, ман-ман сўзларни йироқларга қуваман кўнгилга қутқу солмасин, дея. Чашма кўзидан мавжга чўмилган оҳанглар қалқиб чиқавергай мусаффолик шукуҳини дилга уқдирмоқ учун. Туннинг тортган изтироблари тонгда шудринг томчисида симобдек товланади манзара сўзига суқланиб. Қуёш ўз қувончу андуҳини нур толаларида самога сочади ёниб, бағрини куйдирган ёруғ шуъла сийратида. Ишқ сўзи муҳаббатга тўлиб-тошган қалбларни янада юксакларга имлайди. Навосоз сўзлар ёмғирига кафтимни тутаман завқланиб, фикрат довони кўкласин, дея. Нафис сўзлар оқимида сузмоқлик дилларга нақадар сурур бағишлайди. Афсуски, бефайз сўзлар ҳам маконни рухсатсиз кезади бездириб. Дардчил сўзлар бўзлайди эзилиб, маҳзун. Сарафроз сўзлар қуйилиб келса, дил дафтаримни тутаман нақшлансин, дея ва суюниб ўқийман уларни такрор. Бир зум чиройини кўз-кўз қилган капалак мисол учиб кетмасин дебон ҳамоҳанглик тутқичида руҳим парвозини унга созлайман. Эшитяпман, қўнғироқ сўзларнинг ғафлатдан уйғотгувчи хушвақт садолари янграмоқда дил фазосида.
Дунё изҳорида тиллар турлича, сўзлар хилма-хил, сухан ўзгача, аммо мен учун энг ёқимлиси ўз она тилимиз хушовозидир. Сўзимизнинг кўрки беқиёс, маъно-мағзи тўлиқ, ҳикмати улуғ. Ахир унинг қалб қўрида тобланиши ва жилоланиб юз очишидан завқланмай бўладими?
Биру Борнинг ҳукми сўз эрса, у қалбда иймон, кўзга тўтиё, тилда фасоҳат (равон, чиройли нутқ) эрур. Ахир, эзгу сўз уммонига шўнғимоқ ҳам, унда дурлар излаб топмоқ ҳам Яратганнинг бизга берган неъмати эмасми?
Муслима Ҳамроз. 26.09.2021 йил

