
Чақинлар кутсам
Туни билан чандон ёмғир тинмади,
Кўнгилга қуйилиб шивир-шивири.
То тонггача кўзга уйқу инмади,
Пирпирар безовта ойнинг тасвири.
Ахир, кўк тўлишган шу дам мўъжиза,
Юрак туғёнлари тошмасми, нечун?
Изтиробга дучор хаёл ожиза,
Ёмғир томчисидан топмаса учқун.
Илҳом сиёҳими қатралаб ёғган,
Хушнамлик нақадар умидбахш тилак.
Чанқоқ қалбим андин дард чекиб йиғган
Сўзни битмоқ учун жоним ҳам ҳалак.
Булутлар бағридан чақинлар кутсам,
Очилгай ижобат этгувчи ирмоқ.
Ёмғир шодасига қалбимни тутсам,
Маҳваш осмонида юлдузлар порлоқ.
Кўнгил ойнасини очсам гар кенгроқ,
Димоққа урилгай хушбўйлар намчил.
Қанийди дил сози таралса янгроқ,
Бори армонларим синдириб чил-чил.
Тонг уйғонгай бошда камалак-ёйтож,
Дилни қамаштирган ёғдуси даста.
Тун ой жамолига сезса эҳтиёж,
Эй, дил, баҳри нилдан илми дур иста.
Муслима Ҳамроз. 19.01.2022 йил

