
Аё дилёр
Аё дилёр, кўнгил чироқ, шамдан кечдинг,
Ишқ тафтини ёқиб дилда шавқин тутдим.
Гул кўнглимни эзар ҳижрон, гулоб ичдинг,
Май майлида жилва қилган дамни кутдим.
Аё дилёр, туғён ичра гуллаб бўлдинг,
Куй таралди, оҳангига оқиб кетдим.
Бўй таратган ифор бўлиб қалбга тўлдинг,
Дил торининг нағмасини нисор этдим.
Аё дилёр, гирёнасан, нечун куйдинг,
Булбул янглиғ кўнгил қуши фиғон этди.
Вафо истар бир кўнгилни нечун суйдинг,
Қулф очмаган қалб зорига озор етди.
Аё дилёр, ўтлиғ қалбни ўртаб кетдинг,
Хазон йўлда яшил хаёл парвоз қучди.
Ишқ додига ўртанмасдан наҳот етдинг,
Эрк дардида ёнган кўнгил озод учди.
Муслима Ҳамроз
18.01.2025 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые