
Баҳор ёмғири
Ёмғирлар мавсуми, осмон жўшгайми,
Қуйилар тин олмай қақроқ заминга.
Булутни тўйдирган уммон тошгайми,
Томчини симиргай созлаб измига.
Жала, дўл авжига чиқар бетиним,
Янада тизгинсиз ёғин новаси.
Ҳавони савалар ёмғир беқўним,
Тингласам таралгай сархуш навоси.
Булутлар тўқнашиб чақин чаққанда,
Томчилар томчини шошиб қувлайди.
Самони оролаб офтоб чиққанда,
Камалак етти тус камон товлайди.
Шалола сингари баҳор ёмғири,
Майли-да покласин бори ғуборни.
Табиат ювгайдир олам бағрини,
Йўллагай осмонга туташ оҳорни.
Шивирин тинглайман вақтни унутиб,
Изма-из томчида сокин оқаман.
Аллоҳдан ижобат тилаб, ўтиниб,
Ёмғирли кўксимда олов ёқаман.
Муслима Ҳамроз. 17.03.2022 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые