
Бухорога талпинар юрак
Нур сочган кўксида даҳолар изи,
Буюклар нидоси келади ҳамон.
Янграйди дилтортар “Шашмақом” сози,
Исломдан нур ичган қалбларда иймон.
Азим Бухорога талпинар юрак!
“Моҳи Ситора”да юлдузлар нози,
Ойнинг порлашидан қоларми омон.
“Арк”нинг дарвозаси бўларми рози,
Келса, Бухорийлар қадами дармон.
Қадим Бухорога талпинар юрак!
“Шаҳри Пойкенти» да хотира қарзи,
“Афросиёб” ёдин тинглайди даврон.
Кўҳналик бобида қасида ўзи,
Боқийлик бағрида юз очар замон.
Қутлуғ Бухорога талпинар юрак!
Офтоби серёғду, йўқлайди Хизир,
“Тоқи”да тин олгай соялар ҳайрон.
Нақшинкор кошинда Сомоний ҳозир,
Дуодур топмоқлик бўлмасми армон.
Ўтлуғ Бухорога талпинар юрак!
“Чор Бакр” чорлайди, авлиё азми,
Ихлосинг ортади, истагинг имрон,
Дилингда тизилгай дуолар назми,
Ҳазрат Баҳоуддин тилайди иймон.
Зариф Бухорога талпинар юрак!
Илм излаб ўрганмоқ одамнинг фарзи,
Маёқдек кўз тикар “Минори Калон”.
“Етти Пир” ўгити тасаввуф тарзи,
Боқийдир битиклар қатида ирфон.
Шариф Бухорога талпинар юрак!
Музей шаҳар кезинг, келганда кези,
Кўнгилга ўрнашсин шукуҳи обдон.
Ҳамонки дунёга машҳур зар дўзи,
Наршаҳий мозийдан сўзлайди бийрон.
Зебзар Бухорога талпинар юрак!
Ренессанс уммонда оқимлар озми,
Буюк ипак йўли туташган Турон.
Бахшида муаззам Бухоро базми,
Мозийдан пурҳикмат йўллагай гаврон.
Гавҳар Бухорога талпинар юрак!
Гарчи заминида шўрхоки тузи,
Зиёбахш осмони порлайди тобон.
Чашмадек тошади ҳар ҳовуз кўзи,
Ўн икки дарвоза кутади меҳмон.
Кўҳна Бухорога талпинар юрак!
Тарихий битикка дастхатин ёзсин,
Юртдошлар қалбига келгайми фармон.
Ватан туйғусини чин дилдан сезсин,
Истиқбол йўлига чорлайди замон.
Яна Бухорога талпинар юрак!
Муслима Ҳамроз
04.12.2023 йил

