Мақола

Интилганга тоъле ёр. Очерк

Ёшлик инсон умрининг энг гўзал ва такрорланмас даври бўлиб ҳисобланади. Ана шундай ғанимат дамларда дилга эзгу орзу умидларни тугиб, илму маърифат эгаллашга, юксакларга парвоз этишга чоғланган ёш қалбда аланга учқунлана бошлайди, албатта. Шу учқун сабаб инсон камолот сари интилиб, жўшқин ҳис-туйғуларини шеърга солишга, оламни теран англаш мақсадида ўқиб, изланишга, тасаввур оламини рангин нурлар билан бойитишга ҳаракат қилади.

Дилафрўз Облоқулова ҳам ўз қишлоғи бағридан денгизлар ошиб дунёларга чиқишни кўзлаган, нигоҳи пурвиқор тоғларга қадалган, турли хорижий тилларни ўрганиб, инсонлар кўнглига йўл топишга интилаётган замонамизнинг энг илғор ёшларидан биридир.

Ватан ишқини қалбига жо айлаб, порлоқ истиқбол сари йўлга чиққан, жуссаси кичик бўлсада ғайрати ва шижоати жўш уриб турган оловқалб Д.Облоқулова ҳозирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олади. У талаба бўлишига қарамай, журналистика сир-синоатларини пухта ўрганиш, тажриба орттириш учун Бухоро телерадиокомпаниясида фаолият олиб боряпти.

– Бир гал Самарқанд шаҳрига саёҳатга борганимизда амаким (охиратлари обод бўлсин) дадамга:- Дилафрўзни кўпроқ сафарларга олиб чиқиш керак, шунда янгидан-янги таассуротларга эга бўлади, атроф-оламдан завқланиб илҳом олади, деган эдилар. Ўша сафар чоғида туристлар билан бемалол инглиз тилида гаплашганимни кўриб, хурсанд бўлишган, -дейди биз билан суҳбатда Дилафрўз. – Ота-онам педагог бўлганликлари туфайли менга зарурий имкониятларни яратиб беришган. Ҳозирда уй-музей ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз, шахсий кутубхонамни ҳам бойитиб боряпман.

Мунтазам мутолаа ва ижод билан машғул бўлиш ижодкор қаламини чархлайди, дейишади устозлар. Дилафрўз ўз устида тинимсиз ишлаши, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдалана олиши туфайли ҳам дунё миқёсида кўплаб ютуқларга эришмоқда. Д.Облоқулова «Жаҳон исдеъдодлари уюшмаси» ва «Қирғиз шоир-ёзувчилари жамоат фонди» аъзоси ҳисобланади. МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг яхши ёш олими-2021» кўрик-танловининг журналистика йўналишида олтин медални қўлга киритди.Шоира, таржимон ва журналист сифатида ўз истеъдодини намоён этаётган Дилафрўз Облоқулова «Жаҳон маданият ва санъат жамияти» федерацияси аъзолигига сайланган. Қорақалпоғистон Республикаси «Қизлар овози» клубининг «Ахборот ва медиа йўналиши» координатори ҳисобланади. Сингапурнинг «Дунё маданият ва санъати жамияти» ҳамкор давлатларининг Ўзбекистондаги аъзоси сифатида сайланганлиги қувонарли ҳол.

Ҳозирда ушбу FOWCAAS (Federation of world cultural & art society/Singapore) ташкилоти дунёдаги 135 та мамлакат ва минтақаларда ташкилотлар ва шахслар билан ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, ўзининг барча аъзоларига маданият ва санъат соҳасидаги ўзаро алоқаларни амалга ошириш имкониятини яратади. Бундан ташқари Д.Облоқулова Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Италия, Ҳиндистон, Миср Араб Республикаси, Россия, АҚШ каби давлатларнинг адабиёт, санъат ва маданият ҳамжамиятида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Шу билан бирга Дилафрўз шеъриятга ошуфта қалб эгаси. Унинг шеърларида Она Ватанга садоқат, юрт соғинчи, миллат руҳи, инсонпарварлик сингари оташин туйғулар садоси янграб турадики, уларни ўқиган шеърият шайдосининг қалбига ўчмас чўғ бўлиб кўчади. Ёш ижодкорнинг «Чашма», «Биз кутган кунлар», «Тафаккур жилғалари» номли китоблари нашр этилган. Унинг шеърий мисраларида оламни образли ифода этиш, самимият билан эзгуликка урғу бериш муждалари сезилиб туради.

Д.Облоқулованинг қалб даъвати уфуриб турган шеърлари хорижий тилларга таржима қилиниб, турли тўпламларда чоп этилган. Жумладан, унинг ижодий ишлари италян тилидаги «Ўзбекистон: замонавий шеърият ва ҳикоя» Халқаро антологиясидан, Мисрда чоп этилган инглиз ва араб тилларидаги «A Journey to the Heart» («Юракка саёҳат») тўпламидан, турк тилида «Аёлларнинг юрак сўзлари» номи остида Туркия ва Озарбайжон Республикасининг «Turk Yayinevi» нашриёти томонидан чоп этилган халқаро баёздан ҳам ўрин олган.
Шуни фахр билан айтиш жоизки, Дилафрўз Облоқулова бир қанча халқаро мукофотлар соҳиби ҳамдир. Қозоқ шоири Абай таваллудининг 176 йиллиги муносабати билан «Абай насиҳатларининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти» номли илмий-оммабоп мақоласи учун «Жаҳон истеъдодлари уюшмаси» нинг «Абай»номидаги Халқаро медали билан тақдирланган. Шунингдек, Миср Араб Республикасининг «Tagrid Fayad» адабий мукофоти, Туркиянинг «Do’stlik mukofoti», Қозоғистоннинг «Best young scientist-2021» Халқаро мукофотларини олишга сазовор бўлган.

Ижодий изланувчан Д.Облоқулова жорий йилнинг 21-24 февраль кунларида Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган «Қирғиз-Ўзбек адабиёти – дўстликнинг олтин кўприги» номли адабиёт фестивалида бевосита иштирок этиб, Қирғизистон «Макмал-креатив» ижодий уюшмаси томонидан «Аалам Алкагы» медали билан тақдирланди. Ушбу фестиваль муносабати билан нашр этилган тўпламга киритилган «Оппоқ қоғоз» номли шеъридан таралаётган изтироб садосига қулоқ тутинг-а:

Оппоқ қоғоз – қатор – қатор йўл,
Қодирийнинг изидир балки.
Мен шу йўлдан боришим шартдир,
Ватан, берган нон-тузинг ҳаққи.

Оппоқ қоғоз – қатор – қатор йўл,
Кишанларнинг овози келар.
Йиқилган Ким? Усмон Носирми?!
Ичим бирдан исёнга тўлар.

Куни кеча Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида жойлашган Темурийлар тарихи давлат музейида «Темурийлар Уйғониш даври оҳанглари: Ватанимни куйлайман» номли республика танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Темурийлар ҳаёти ва фаолиятига муносиб издош бўлиш, унинг ижтимоий-сиёсий, илмий-маънавий салоҳиятини юксалтириш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашда ҳамда Халқаро дипломатик муносабатлар борасида қўшган ҳиссаси учун Дилафрўз Облоқулова «Халқаро Амир Темур Хайрия жамоат Фонди»нинг эсдалик кўкрак-нишони билан тақдирланди.

Халқимизда интилганга толе ёр дейишади. Эзгуликларни қалбига тугиб, шижоат билан олға интилаётган Дилафрўз Облоқуловани эришган ютуқлари билан қутлаб, келгусидаги ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

Муслима Ҳамроз

3.8 4 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x