Мақола

«Мушоира» ижодий танловидан сўнг (Мулоҳаза)

Жорий йил 26 май куни «Мушоира» ижодий танловининг туман босқичи кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Танлов том маънода шеърият байрамига, қизғин адабий суҳбатга айланди. Тадбир давомида:

«Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,
Фақат бекор билиб ором қучоғини-
Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак?
Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!»

сатрлари қулоғим остида жаранглаб турди, бу улуғвор мисралар замонамизнинг таниқли шоирларидан бири, устоз Усмон Азим қаламига мансуб.

Дарҳақиқат, шеър ёзиш кўнгил иши. Шеърнинг туғилиши ҳис-туйғлар ором бермайдиган, баъзан сурурваш дамлардан ҳаловат излагувчи, баъзида илҳомнинг ўткир тиғи зарбидан дард чекиб ўртанувчи қалб нома битадиган жараёндир.

Мазкур ижодий танловга мушоира сўзи ярашиб тушди. Манбаларда «мушоира» сўзининг маъноси-шеър билувчи ва айтувчилар мусобақаси ёки шеърхонлик, адабиётчилар йиғини деб талқин қилинган.

*Шунингдек, мушоира-арабча сўз бўлиб, шоирлар мусобақаси маъносини англатиши ҳам маълум. Бу шеъриятнинг ўзига хос жанри ҳамдир. Бунда икки ёки ундан ортиқ шоир шеър айтиб, ижодий мусобақалашади. Шеър бир мавзу, бир вазн, бир хил қофия тизимида бўлиб, улар ғоявий-эстетик ва поэтик жиҳатдан узвий бирикади ва яхлит асарни вужудга келтиради. Фирдавсийнинг Унсурий, Асжадий ва Фаррухий билан бўлган мусобақада ғолиб чиққани ҳақида ривоятлар бор. Фирдавсий шу мушоирадан сўнг «Шоҳнома» асарини ёзишга киришган деган фикрлар ҳам мавжуд.

XVIII асрда Фазлий Намангоний билан шоира Маҳзуна ўртасида бўлиб ўтган мушоирага қулоқ тутинг:
Фазлий:

Мундоғким, нуктадон сан, Ким эрди устозинг
Ой каби нур қилмас, то офтоб кўрмай.
Маҳзуна:
Бир нуқта зоҳир айла Фазлийни қутла Маҳзун
То кетмайин Намангоний сендан жавоб кўрмай.

Ушбу баҳсдаги Маҳзунанинг якунловчи байти:

Байтул хазон ичинда узлат тутиб бу Маҳзун
Фазли илоҳидир бу йўқса китоб кўрмай.*

(Фойдаланилган адабиёт: «Тароват қалъасидаги мушоира». Маҳмуджон Норматов, фалсафа фанлари доктори, профессор. «Шарқ юлдузи» журнали 2015 йил, 5-сон)

Бундан маълум бўладики, бўлиб ўтган «Мушоира» танловини шеърхонлик мусобақаси дейиш мумкин. Ажойиб, мунис шеърлар ижро этилди. Шу билан бирга айрим ўқувчиларнинг машқ қилиб ёзган шеърларини тинглаб, уларда болаларча қувноқлик, соддалик ва самимийлик етишмаётганлигини ҳис қилиш мумкин. Баъзиларининг ёзган сатрларида қийинчиликлардан нолиш қутқулари бор, бот-бот насиҳат қилишга мойиллик сезилади. Шеърларида жарангдорлик, ҳис-туйғуларнинг жўшқинлиги етишмайди.

Илҳом ижодкорнинг онгига шуур бағишлаган дамларда шеър туғилса, табиатдан завқланиш манзаралари тасвири юз кўрсатиб, ӯйноқи оҳанглар таралиб турса қандай соз. Кўнгилдаги тала-тўп ва ғалаёнлар чалғитмаса дейман. Мушоҳада, мулоҳаза, таҳлил, таҳрир, мантиқий ҳамда эркин фикрлай олиш ва моҳиятни англаш ижод жараёнининг муҳим хусусиятларидир. Албатта, ҳар бир қаламкашнинг ўзига хос тахайюл олами, ўз тафаккур дунёси бор. Ўз дунёсида ўралашиб қолмаслиги учун ҳам адабиётни, шеъриятни севиб мутолаа қилиши, бутун борлиғи билан уни ҳис-қилишга интилиши зарур. Шуни унутмаслик керак-ки, назм гулшанидан баҳра олиб руҳланмоқлик, шеъриятга ошно бўлмоқлик умидида шеър ўқиш ва ёзиш кўнгил эҳтиёжига айланмоқлиги ҳар бир инсоннинг ўз қалб меҳнати эвазига ҳосил бўлади.

Адабий муҳит ҳар бир ижодкордан мунтазам равишда шеърлар ўқиб, замонамиз шоирларининг ижодидан ҳам хабардор бўлишни тақозо этади. Машҳур шоирлар билан бир қаторда ёш шоирларнинг шеърларини ўқиб тураман. Шу ўринда айтиш жоизки, Вобкентлик ёш ижодкор Суҳробнинг шеърларини ғойибона (интернет орқали) ўқийман, унинг ўзига хос шеърларини қадрлайман. Тасодифни қаранг-ки, Суҳроб Ҳамроев ушбу тадбирга шогирдлари билан кириб келди-ю, у билан яқиндан танишиб олдим, ижодкорлик ҳақида фикр алмашдик.

Шеърият бўстони томон интилаётган ёшларга тилагим шуки, мунтазам китоб ўқиш ва уқиш эҳтиёжини қалбингизга жо айланг. Шеъриятга ошно бўлмоқ орзусида изланинг, қаламни чархлаш машаққатларини кўнгил имтиҳонидан ўтказинг. Сиз шеър истасангиз, албатта у ҳам қалбингизга жонбахш илҳомини йўллайверади. Илҳом парисини кутиб олишга тайёрмисиз?!

Муслима Ҳамроз. 27.05.2022 йил

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x