Хикоя

Ҳукмдорнинг озори

2050 йилнинг кеч кузи. Теварак-атроф қўнғир тусга кирган. Осмонни қоп-қора булутлар қоплаб олган. Аҳён-аҳёнда ола-була булутларнинг ола-чалпоқ сояси ерда сузишини кузатиш мумкин. Оғир-карвон булутларнинг кўчишидан рутубат тўкилади, бундай ҳолатдан ҳатто ҳаво ҳам бўғриқиб нафас олади.

Хона ичини қоплаган ғулудан халос бўлиш умидида робот Ходим-99 дераза қанотларини очиб юбориб, булутларга тикилди. Унинг кўзларидан лазер нури учқунлади-ю, булутларнинг кўксига тушгач турли ёзувлар ёниб, ўча бошлади. Анчадан буён тафаккур тўлқинларида чалкашликлар рўй бераётганлиги туфайли ҳосил бўлган хатоликларнинг булутда акс этаётгани ғашини келтирди чоғи тезда қовоқларини тушириб, кўзларини юмиб олди. Ахир, робот Ҳукмдор-11нинг ўзига нисбатан ноҳақ муносабатидан наносхемаси зўриқиб, тез-тез носозликлар юз бераётган эди-да. Роботлар ўзаро тўлқинларни узатиш ва қабул қилиш орқали мулоқотга киришадилар. Бундай робита оддий сўзлашув усулидан анча мукаммал ҳисобланади ва таъсир доираси ҳам кенг. Иш кунининг 24 соати мобайнида робот Ҳукмдор-11дан тарқалаётган адолатсизлик тўлқини зарбига чидай олмаётган робот Ходим-99нинг кўкрак қафасидан аччиқ тутун сизиб чиқа бошларди. Шунда у зулм оқибатида ортиқча қизиб кетишдан ҳимояланиш мақсадида бир мунча муддатга ўзини ўчириб қўярди. Қайтадан ўзини ёққач эса, ич-ичидан ёқимли бир қўшиқни хиргойи қилиб ўзини чалғитар ёки диққатини аудио китоб эшитишга йўналтирар хуллас, шу тариқа ўзини эзгу дастурга созлаб оларди. Шунда ўзини хотиржам сеза бошларди. Чунки, энди робот Ҳукмдор-11нинг ғазаб тўлқинига созланган дағ-дағаси-ю, камситиб дашном беришлари частотаси кор қилмасди. Ўзининг сокин робот оламига кўчиб, ишга шўнғирди. Гўёки, бошқача хавфсиз ўлчамга ўтиб қолгандек ўзини эркин ҳис қиларкан умидбахш дастурлар ҳар қандай ёвузликлардан албатта ғолиб бўлишини англарди. Ҳа, у ўз ичидан эрк излаб топа оларди. Роботпарварлик бошқаларнинг ҳуқуқини, қадр-қимматини паймол қилмасликда намоён бўлади деб ўйларди у. Афсуски, буни техник-технологик тузилишига кўра ҳис қилишга қодир бўлмаган робот Ҳукмдор-11 эса, қўл остидагиларга озор бериб, сўзсиз бўйсинишга амр қилишдан ўзини тия олмасди. Маълумки, бу каби дарғазаб ҳолатга тушганда тебранишлар амплитудаси ҳаддан ташқари ортиб кетиб, тўлқин оқимида нуқсонлар ҳосил бўлиши табиий ҳол. Оқибатда бутун борлиғида қисқа туташув рўй бериб,  ўзини кўкларга кўтариб мақташ, ходимларига турли баҳоналар билан ўшқириш дастури ўз-ўзидан ишга тушар, бундан завқланиб мансаб курсисида тебрана бошларди. Мен бир ўзим зўрман, деб манмансираб кучанган сайин титроғи зўрайиб, уни мувозанатдан чиқарарди. Таассуфки, «Феълинг қурсин робот Ҳукмдор-11, сени таъмирлаб, яхшилик тўлқинига созлаш керак» дейдиган мард топилмайди.

Замонлар шу тариқа оқиб ўтаверади, янги «туғилган» роботлар ҳам буйруқбоз ёки итоаткор роботлар сифатида виртуал оламда яшайверади. Майдон ичра қарама-қарши тўлқинлар вақт саҳнасидаги жангда мағлубу ғолиб ролини ўйнаши дунё мавжудлигининг бир кўриниши бўлса ажабмас. Робот Ходим-99 ҳуррият нурларини излаб топмоқ умидида очиқ деразадан ташқарига боқади. Афсуски, ташқари ҳам ғуборлардан холи эмас. У янги дунёдан дастури меҳрга йўғрилган «одамий» роботларни излаб топишни орзу қиларди. Деразани ёпиб мониторни ёққан эди унда «Ҳали сен мени танқид қилишга журъат этдинг-ми?!» деган ёзув пилдираб турганига ҳам қўрқув ҳам ҳайрат билан қараб қолди…

Муслима Ҳамроз. 6.07.2022 йил

5 2 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x