Хикоя

Туш

Тонг отар палладан сал аввалроқ Меҳмонқул уйғонди.
-«Уйғондингми?» Овозга айланган фикр ҳавони чақнатиб куйдирди-ми, олов иси димоғини ачитиб юборди. Уйқусираган кўнглини ваҳима қоплади, кўрган туши кино тасмасидек бир-бир кўз ўнгидан ўтар экан, уйқу қайтадан ўз домига торта бошлади. Тушнинг дарчаси ланг очилди.
-«Ичкарига киришни истайсанми?» -деди овозли хабар.
У ғинг демасдан бошини эгиб, зўрға сирғалиб ичкарига кирди. Нимани тасаввур қилса ўша кўз ўнгида муҳайё бўлаверди. Осмону фалак, тоғу ўрмонлар, дарё-ю кўллар, шаҳару қишлоқлар бари мукаммал тасвиротга ўхшарди. Ҳатто тумонат одамларнинг ғала-ғовур товушлари қулоғига чалина бошлади. Дунё бойликлари оёғи остига тўшалган саҳна – голограмма каби тусланиб турарди.
-«Ёқдими? Олавер,» деди, – сирли овоз. Беихтиёр қизиқсиниб
ялт-юлт чақнаб турган гавҳар тошларни ушлаб кўрмоқчи эди, қўллари муаллақ қолаверди, оёқлари йўқлик остонасида депсиниб оғриқдан инграб юборди. Тушнинг тушкун манзаралари кўнглидаги тушкунликка қоришиб кетди.

Дафъатдан тўшаги чуқурлик қаърига чўкаётганини ҳис қилди. Шиддат билан пастлашиш шу қадар авж олдики, кўнглига ғулу солди. Қўлини пастга чўзган эди, оғриқ бутун танасини зирқиратди. Кафтини қайноқ қўрғошин қиздириб чўғга айлантирганга ўхшарди. Чексизликка туташ канъон манзараси кўнглига ваҳима солди. Ғафлат дарасининг қоп-қоронғу тубсизлиги ўпқондек ўзига торта бошлади. Ғофиллик уйқуси наинки жонини, руҳини ҳам қийнай бошлаган эди. Аммо, ўзи буни ангалашга ожиз, нотавон ҳолатда юз тубан ётаркан, ўзига ачиниб кетди.
-«Наҳот ўзингга ачиндинг?» – хаёлини кескин бўлди овоз. Саволдан бадтар хўрлиги келди. Хўрланиш, азоб-уқубат, ғам-алам, чорасизлик қаддини букиб, бошини хам қилди. Шу аснода мутъелик, эрксизлик, тазъийқ деб қабул қилган туйғулари сирини англай бошлади, гўё.
Ғайришуурий тасаввур туш пардасини очмоққа уринар экан ўзини уммон тўлқинлари бағрида сузаётганини ҳис этди. Қалбида ҳосил бўлган томчи-томчи тўлқинлар шиддаткор уммон тўлқинлари билан туташиб кетганга ўхшарди. Тебранишлар гоҳ уммон ўркачларига кўчар, гоҳ Меҳмонқулнинг борлиғига сингиб қалби тубигача етиб борарди. Моддият ўз кўринишини йўқотиб, шуур оҳангига бирлашиб кетганга ўхшарди. У ўзининг кўксидаги ва уммон бағридаги тўлқинлар келишувини томоша қилар экан ўхшашлигу хосликдан ҳайратга тушди. Айни шу дамда кабутар мисоли ҳур тахайюли борлиқ билан уйғун тарзда қанот қоқа бошлади. Ғаройиб туш мониторида ўз тасвирини кўриб ҳайратланди. Ўз борлиғи, жони танининг ёруғ бир шуълага сингиб кетаётганлигини ҳис этарди.
-«Зиё истайсанми?!» – Ажабки, у энди сўзсиз фикрни англай бошлади.

Самодан оқиб келаётган мовий ёғду хонани шу қадар ёруғликка тўлдириб юборди-ки, ҳатто оқибатда даразадан ташқарига тошиб кетаверди, гўё.
Тиниқ нур толаси бутун борлиғига сингиб, қалбини ложувард туйғулар қамраб олди.
-«Уйғонсанг-чи!» – оҳангдор овоз эшитилди.
Ягона ва Яхлит бу оламда мавжуд ҳар бир зарра ёришди, самовот нурининг равшан кўзгуси уйқу элитган Меҳмонқулнинг руҳониятига ҳам таъсир этмай қолмади. Тун ғавғосидан халос бўлмоқ умидида қорайиб кетган уйқу ёпинчиғини жаҳд билан ечиб, ўтмиш томонга улоқтирди. Миясига ёпирилиб келаётган ҳар хил фикрларни қувишни истади. Бироқ биргина фикр ярқ этиб чақнади: “Унинг нури жонимни севиб қучмаганида уйғонмас эдим-ми?!”

Муслима Ҳамроз
30.05.2025 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x