Бадиа

Ҳушёрлик сарҳади

У қўққисдан бир онда олам ёруғлиги сўниб, зулмат қўйнига шўнғиганини ҳис этди. Фақат нурафшонлик чегарасида нурнинг тўлалигича йўқолиб, мутлақ қоронғулик бошланганини англаб улгурди холос. Кейин эса ўзгача оламдаги бўшлиқ ҳудудида онг чироғи ўчиб, фитрати сўнганида ҳеч нарсани тушуниш мумкин бўлмай қолди. Ҳиссиёт туйғусидан мосуво бўлиш ҳаёт сўнгани сингари воқелик эди. Ҳушсизликнинг неча дақиқа давом этгани ҳам мавҳум. Аслида бу туш эмас эди. Қанийди туш бўлса, чунки тушда воқеалар гирдобида сузиш бор, ҳатто, ранглар ғира-шираси тасаввурда уйғониши мумкин. Тушни эслаш имкони мавжуд.  Бироқ, афсуски энди шуъла зарраси ҳам сезилмасди, зулмат қўйнида тан ва руҳ гўё мавжудлик моҳиятини йўқотганди. Нурнинг сўниши билан унинг борлиғини мавҳумлик, вазнсизлик, тубсизлик қамраб олди.

Дафъатан мўъжиза янглиғ ғойибдан қуёш балқдими, нур толалари юзини сийпалай бошлади, онгу шуурига ёруғлик оқиб кириб, дунёси нурланди. Қалбида йўқликдан борлиқ чегараси орқали сизиб ўтаётгандек ҳиссиёт уйғонди. Ғаройиб ҳолатда ботиний оламида ёғду зиёсини англашга интилди, кўзларини каттароқ очишга уринди. Тангри марҳамати ила дили ҳушланиб, руҳият осмонида эрк парвозини кузатди. Зеҳнияти уйғонди. Ёруғ оламни ҳис этиши биланоқ борлиғи ҳаёт шукуҳига тўлди-ю ҳушёрлик сарҳадида ҳамду сано оҳанги қалбидан тоша бошлади.

Унинг умри давомида ёруғлик ва зулмат чегараларидан бир неча бор гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа кўчишлар турли ҳолатларда такрорланди. Аммо, нега деган саволга жавоб тополмайди. Фақатгина у  зулумот бағридаги ҳушсизлик маконида бемаврид абадул-абад қолиб кетишдан қўрқади.

Муслима Ҳамроз.  10.07.2022 йил

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x