
Япроқ ўқир муножот…
Отам эккан боғларга кўнглим боғланган,
Ўшал ёшлик чоғларга соғинч чоғланган.
Борсам кутгай ниҳоллар, зумрад гулбаргак,
Қайта-қайта кўкариб, безар чилбаргак.
Боғда қушлар гурунги чорлар суҳбатга,
Нозли сабо шошгайми айни субҳ вақтга.
Чорбоғ кўнглим боғига йўллар ифорлар,
Дилга жўшиб оқади хушдам сафолар.
Гарчи андуҳ доғида кўксим доғланган,
Юксак умид тоғидек қалбим тоғланган.
Қўмсаб борсам баҳорни бағрин очади,
Ғунча кулиб беқиёс чаман сочади.
Излаб топсам ҳаловат, япроқ ҳалинчак,
Илдиз отса навниҳол, пайванд куйинчак.
Сайри боғда хотирот нафис уйғонар,
Дилда қўзғаб ғалаён армон тўлғанар.
Гўзал наво созига машқим созлангай,
Сирли ботин юзига кўзим юзлангай.
Япроқ ўқир муножот кўклаб қурбатин,
Ёдга солар илдизлар ришта қудратин.
Танга дармон боғ-роғлар ширин меваси,
Кезар ғир-ғир шаббода салқин ҳавоси.
Ота макон бу боғлар гуллаб сийлайди,
Кўм-кўк яшнаб руҳимга илҳом тилайди.
Муслима Ҳамроз. 3.07.2022 йил

