Чўл. Қатра
Чўлнинг кўнгли кенг, кенгайибу ёйилиб кетган. Чўл баҳорда ям-яшил тусга кирсада кейинчалик баҳор соғинчидан ранги сарғайиб кетади. Чўлнинг пешонасига илон изи йўллар нақш бўлиб тушган. Чўлда ўтмишнинг руҳи мудрайди, шаҳарда келажак руҳи уйғоқ кезиб юради. Чўлда табиат қум тоғлардан ҳайкал ясайди ва асрлар давомида шамол силаб-сийпаб уларга жило беради. Баъзи жойларда қум тепаликлар қўлма-қўл ушлашиб тургандек тизилишиб туришади. Баъзи сарҳадларда эса шамол қумнинг сочларини тараб тарам-тарам из қолдиради. Чўлда қуёш ерга тик боқиб, нурларини тиғдек аёвсиз қадайди, сувсиз ва бир парча соясиз узоқ қолиб кетсанг, кўзингга сароб кўринади:
Ойна каби ялтираб кўзга кўринади кўл,
Сувнинг шилдираши қулоққа шивирлар, ана.
Юрганинг сари узоқлашиб борар ўнгу сўл,
Ташналик азоби, қийноғи зўраяр яна.
Хаёлот чегарасидан карвон қўнғироғини жиринглатиб ўтади, гўё:
Изма-из тизилишиб силжияпти зил карвон,
Ўркачларин силкитиб лўкиллайди туялар.
Обод манзилни кўзлаб, йўлга бошлайди сарбон,
Тизгинга амал қилиб тиз чўкади биялар.
Безовталик ва алдов сени умидсизлик томон етаклайди, ҳақиқат ва рўёни фарқлай олмай қоласан. Қақраган лаблар ҳаёт неъматлари номини беихтиёр унсиз такрорлайверади, шунда бир томчи сувнинг қадр-қимматини баҳолай бошлайсан. Фақат денгизда сузганда ёки тоққа чиққанда эмас балки, чўлда ҳам мувозанатни сақлай олиш, меъёрни топа олиш муҳим ҳисобланади. Чўл яланглигида шамол ўзини тўрт томонга уриб кезади. Чўлда ернинг уфқ билан туташиб кетишини яққол томоша қилиш мумкин.
Кундуз куни офтоб тафти етмагандек, ҳаво чўлдаги саксовуллардан ўз тандирини қалаб қиздиради ва ўзи азобдан титраб, жимирлайди. Тунда эса осмон ўз гумбазини чўл устига тўнтариб, юлдузлар билан безайди, ҳаво ҳам совуб, ҳовуридан тушади. Эҳе, жавзонинг жазирамаси қовжиратиб куйдирса, саратоннинг иссиғи ҳансиратиб сўлдиради. Баъзан, ой ўроғини чархлаб чўлдаги янтоқларга тиканли назар ташлайди, тўлишганда эса юмшаб, майин нури билан чўлни яёв кезади.
Чўл шип-шийдам кимсасиз макон эмас. Ана, бургут емиш ташвишида ерга пастлаяпти, сурув-сурув отлар тойчоқлари билан, қўй-эчкилар подаси, туялар бўталоқлари билан бемалол ўтлаб юришади. Аҳён-аҳёнда эчкиэмар югуриб ўтади… Чўлда ўсимлик ва дарахтларнинг ўхшаш томони бор, уларнинг барглари кичкина ва игнасимон, сувни исроф қилмаслик уларнинг табиатига хос.
Чўлга бағрикенглик, тоғларга пурвиқорлик, денгизга мавжланиш ярашади. Тоғлар вазмин ҳолатда туядек оғир чўкиб, гўё бошини баланд кўтаради гердайиб, тоғнинг карвони сўнгги манзилида тош қотганга ўхшайди. Уммон эса сув тўлқинларида тинимсиз чайқалиб, сузгани-сузган, умоннинг кемаси Ернинг ўзидир балки. Чўл эринибгина бемалол ястаниб ётиб олганга ўхшайди, узала тушиб мудрайди, шунда жиловсиз шамол уни уйғотиб, тинчини бузади. Яйдоқ чўл ёзда ҳансираб чўллайди, гўё ёмғир сепадиган булутларнинг сузиб келишини кутишдан бошқа ташвиши йўқдек.
Чўлнинг ўзига хос ҳаёти бор, унда қуруқлик ва қурғоқчиликнинг ғалабаси кўп бўлсада, мавжудлик фалсафаси шундадир. Чўл чорласа кўнглим қочиб кетмоқ бўлар, эргашаман ортидан. Оташларда ёнмасину куймасин, дея мени қўрқув босади, кўндираман, намлик билан тўйинган гўшалар томон ортга қайтади оҳиста, бу намликда боғу-роғлар, гулзорлар, бўстонларнинг абадий мавжудлиги кўкаради, гўё. Чўл руҳини ҳис қилиш учун унинг кенгликларига сиғиш ва сингий олишинг, бўстонлар руҳини ҳис қилиш учун эса ўзинг гулга, райхонга айланмоғинг керакдир балки. Сен ҳам борлиқ каби борлиқ ичида ўз ҳаётингдан эзгу мазмун ва яхши маъно топа ол. Дилинг туғига қип-қизил алвонни бойла-ки, у ял-ял ёниб товлансин, шунда кўнгил биёбонида гиёҳ кўкарса хушбўйлари оламни тутгай.
Муслима Ёдгорова