Ҳовуз. Қатра.
Жўшиб оқаётган дарё бўлолмасанг ҳам ҳовуз бўл, ақалли. Оқаётган ҳовуз бўл, кўлмак бўлмагин, асло. Кўлмакда бир жойда туриб қолиш, эскириш, ўз жойида буғланиш ва сингиш орқали тугаб, изсиз йўқолиш бор.
Сув оқиб кираётган ҳовузда янгиланиш бор, ўзгариш, қайта тирилиш бор. Пок сувдан, тиниқ сувдан умид бор, ахир. Чунки, унда ҳаракат, яъни ҳаёт бор. Ҳовузнинг атрофидаги дарахтлар унинг тубида илдиз отган-у, ёнида соябонлар каби тизилгандек, гўё. Ҳовуз ўз “косасидаги” сувни тиндиради, лекин ўзи ташна, ҳовуз бўйидаги дарахтлар унинг сувидан илдизи орқали симиришига ташна, одамлар челакларини бағрига ботирган ҳолда, тўлдириб сув олишларига интиқ.
Сен ҳам ўзингга яхши дўст, ҳамфикр топа ол, худди ҳовуз ва атрофидаги дарахтлар мисол, ҳовуздаги сув дарахт танаси орқали юқорига кўтарилгай, барглар эса шукроналик тимсолида ям-яшил тусга киришади. Энг муҳими, ўз онгинг ва қалбинг ҳовузини тозалаб тур-ки, яхши фикр ва нур билан янгиланиб борсин.
“Тан яхшиликка, оқар сувга мойил, чунки асли шулардан. Қалб ҳикматга, илмга майл қилади.” Жалолиддин Румий. Ўзингни тергаб, янгилик оқимини ўз ботинингдан ўтказиш қийноғини ҳис эт. Донишмандларнинг панд-насиҳатлари, ўгитларидан узоқлашма, уларни такрор ва такрор идрок этишга урин, уларга амал қилишни ўзингга одат қил.
“Байт: Қалбида хоҳиши бўлмаган инсон қандай қилиб ишга жон-жаҳди билан киришади? Сув оқмаса, шамол эсмаса чиқинди қандай кетади.” Жалолиддин Румий. Билим ва тажрибангни тинимсиз ошириш орқали, ўқиш ва уқиш орқали янгиланишга эриш.
Туб маънодаги руҳий янгиланишга фақат тафаккурни ўстириш ва кенгайтириш ҳамда эзгуликка эргашиш орқали эришилади, шунчаки, машаққатсиз эришиб бўлмайди. Яшамоқ дегани бу руҳни узликсиз тарбиялаб бормоқ, ўсмоқ дегани эмасми?!
Муслима Ёдгорова