Том оша кўринади тут.
“Тутнинг баргичалик қимматинг йўқму?
Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқму?
Алишер Навоий
Қишлоқнинг ўртасидан кесиб ўтган кичик ариқ ёнида неча йиллардирки бир тут яшнайди, шу ариқдан сув ичиб, гуркираб, танасини қучоқлашга қулоч етмайдиган даражада кенгайиб кетган. Соясини қалин қилиб ерга тўшайди, айни баҳорда унинг мевасидан инсонлар баҳраманд бўлади, қушлар ҳам чуғурлашиб ўз насибаларини чўқишади. Барглари ипакка мойил, уни еган ипак қурти мўъжизавий ипак тола тўқийди, илдизи эса захга чидамли, танаси қаттиқ ва мустаҳкам. У ёлғиз эмас, ёнида каттагина ҳовли бор, уй, айвон, ошхона, оғилхона ҳаммаси кафтида тургандек, гўё. Бўйи томдан ошгандан бери шохларини шу томонга узатиб, ҳовлини зимдан “кузатади”, гўё.
Бу ҳовлига янги келин тушди-ю, саранжом-саришталик, файз кириб келди, келиннинг саъйи-ҳаракати туфали ҳовли ўртасидаги томарқада ниҳоллар кўкариб, экин экилиб, ҳосил олина бошланди. Бирин-кетин ўғил-қизлар дунёга келиб, оила катталашди, болаларнинг қиқирлаб кулганлари атрофга эшитилганида тут беихтиёр девор оша ҳовлига “мўралаб”томоша қилишни хуш кўрарди.
Ҳаёт рисоладагидек кечаётгандек эди, йиллар ўтиб пешонасида бор экан Ортиқ ота оғир касалликка чалинди. У оғриқдан дод-вой солганида уй-ҳовлини гўё аччиқ тутун қоплагандек бўларди-ки, тут нинг танаси зирқираб кетарди, гўё.” Қочиб узоқларга “кетгиси келар”, аммо, бунинг иложи йўқ, томирлари занжир каби ерга боғланган, балки, шу дарду ғамларга шериклик қисматига битилгандир.
Ортиқ ота дард аламида ўзининг ёшлик даврларида хотинига азоб берганини, болаларига ғазаб қилганини эслаб, кўзидан дув-дув надомат ёшлари тўкарди. Хотинини одам ўрнида кўрмас, рўзғорга умуман қайишмас, болаларининг ўқиши, тарбияси билан мутлақо қизиқмасди. Хотини қишлоқдошларининг хизматини қилар, ҳамширалик маълумоти бўлмасада касал одамлар ёрдам сўраб келса даво муолажаларини бажарар, ҳатто, ҳомиладор аёлларга доялик қилар (у пайтларда маълумотли врачлар кам бўлганлиги сабабли шароит шуни тақозо қиларди), шу йўл билан топган пулига рўзғорнинг каму кўстини ямарди.
Қазоси етиб хотини ўлганидан кейин, кексайганида фарзандларининг меҳр-оқибатсизлигидан кўнгли вайрон бўлар, ўзи бемеҳр бўлганлиги эсига тушиб, бундан азоби янада ортарди. Айни пишиқчилик палласида невараси бир товоқ тут териб дастурхонга келтириб қўйди, ва “Бобожон олинг, тут енг”,- деди болаларча беғуборлик билан. Титроқ қўллари билан тут доналарини олиб оғзига солди, “Асалдек ширин бўлибди”,-ўйлади Ортиқ бобо. Умид учқунлагандек бўлди, зора неваралари келажакда инсофли, диёнатли бўлиб етишишса…
Лекин, ота ўғли Зиёднинг худди ўзининг нусхасига айланиб, афт-ангор ҳам, қилиқлари ҳам ўхшаш бўлганини, фикрлари тубанлашиб улгурганлигини кўриб куярди. Ўғлига мен қилган хатони такрорлама,-деб тушунтирмоқчи бўларди, аммо, ўғлининг кўз ва қулоқларини парда қоплаган, онги заҳарланиб бўлган, панд-насиҳатни қабул қилмас, яхши сўздан ҳам ёмонлик ғулғула қилар, бадҳазмга айланган эди. Зиёднинг жаҳли чиқса тутқаноғи тутгандек жазавага тушар, ўз хотинини, болаларини ҳақорат қилар, қовоқ-тумшуғини уюиб, улар билан гаплашмай юрарди. Рўзғордаги етишмовчиликлардан хотини ва болалари азият чекарди. Оч қолмаслик учун тинимсиз оғир меҳнат қилиш уларни эзиб юборган эди.
Вақти соати етиб ота ҳам у дунёга рихлат қилди, бироқ, ўғлига панд-насиҳатлари ҳам, ялиниб-ёлворишлари ҳам, дўқ-пўписалари ҳам кор қилмади. Ҳаттоки, отасининг оғир хаста бўлиб вафот этганлиги ва бу дунё фано (ўткинчи) эканлигидан хулоса чиқара олмади.
Зиёднинг ўз яқинларига зулм ўтказиши одатга айланди, бунинг устига фарзандларини таъминлашни, рўзғор ташвишларини тортишни ўз зиммасидан ўзи ошкора соқит қилди. Эр ва ота мартабасида ҳуқуқларини қаттиқ талаб қилар, аммо, ўз зиммасидаги маъсулиятни эслашни ҳам, биров эслатишини ҳам истамасди. Бир неча ўн йиллардирки бирор корхонада меҳнат қилиб, оилага даромад топиб келишдан бўйин товлади. Кимга керак бўлса ишласин менга барибир, аввалги йилларда ишлаганман, пул топиб келганман, энди хохламайман, деб важ кўрсатарди.
Унинг ёмон феъли-ю ситамлари ғурбатидан “таъсирланиб” тутнинг ҳовлига қараб ўсган бир неча шохи қуриб қолди.
Ҳатто, Зиёд ўзининг турмуш қуриб чиқиб кетган синглисини, хотинининг оға-иниларини ҳам рўйирост бу ҳовлига меҳмон бўлиб келишларини истамасди, уларни умуман келиб-кетмас қилиш йўлларини қидирарди. Манманлик чўққисига чиқиб, ҳеч кимни назар-писанд қилмай қўйди, ўзига танбеҳ берганлардан қасд олишни кўнглига тугиб қўярди. Ажабки, бу ҳолдан тут баргларини “тутамлаб олди”, барглари касалликка чалингандек бужмайиб қолди.
Адоват уруғи кўкариб, унинг қалбида заҳарли мева тугувчи дарахтга айланган, бу дарахтнинг томири фақат ёмон сўзлардан, ёмон фикрдан, ёмон амалдан озуқа оларди. Оқибатда унинг қалби ёмонликнинг манфур ғуборига ғорига тўлиб кетганга ўхшарди, гўё. Қалбнинг бундай касалига даво бормикан?
Донишманд Жаъфар Содиқнинг «Тўрт нарса: яъни бадфеъллик, бадқовоқлик, такаббурлик ва дилозорлик кишига хору зорлик келтиради.» -деган сўзлари зора огоҳлик қўнғироғи бўлиб жарангласа.
Ғубор аслида отанинг қалбида бор бўлган, минг афсуски, бу қоралик ўғлига мерос бўлиб ўтди. Тут бунга гувоҳ, бу ўғилни огоҳлантирмоқ, хушёр торттирмоқ умидида ҳар йили тут ўзининг сарғайган баргларини тўкиб, янги, яшил ва яхши барг чиқаради. Ёмонлик устидан ҳамиша яхшилик ғолиб келиши муқаррарлигини исботламоқчи бўлади, гўё. Қани эди Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Байт: Қалб сарғайган, қуриган баргларни новдалардан тўкиб, барра каби яшил баргларнинг чиқишига ёрдам беради.” -деган сўзларида ҳикмат мужассам эканлигини англаш фурсати етган бўлса. Ёмон фикрлардан воз кечилса, ўрнига яхши ғоялар келса ажабмас.
Тутнинг шохлари каллакланса ҳам унга малол эмас, яна кўкараверади, Ҳар йили баҳорда янгиланиб гуллайди, танасидаги ширадан симириб, ширин мева тугади, яхшиликка интилиш тимсолига айланади. Қани эди бу одам тутнинг нидосини тинглай олса, кўкариш ва яхшиланиш рамзини кўра олса!
Муслима Ёдгорова