
Бўстонлиқ илҳомлари
Мен бир ниҳолман, томирлар отдим,
Яшил хаёлни симириб ичиб.
Садбарг ёпиниб соямга ботдим,
Илдиз гуллади, оромдан кечиб.
Кўкка бўй чўзмоқ истасам алҳол,
Тошлар томирим тилади эссиз.
Қушлар чуғурлаб қўнади беҳол,
Шамол сирғалиб ўтади ҳиссиз.
Мен бир дарахтман ҳаётга ташна,
Гуллаш тилсимин йўллайди тупроқ.
Кўкка қўл чўзсам кўкариб, яшнаб,
Чапак чалгайдир ҳилпираб япроқ.
Қуёш нурини тўсганда найсон,
Қора кўланка сарғайтиб ўтар.
Тўфон синаса тўзғитиб қуюн,
Барин дод солиб сакинат ютар.
Гар минг чинорман, ложувард ўрмон,
Тиндим, шовуллаб куйлашни истаб.
Бедор тўлғондим, юксалмоқ армон,
Қуёш, нурларин сочсин-да порлаб.
Энди ёмғирли осмонлар тўлиғ,
Замин кўкариб кўпчийди бағир.
Наво таратар баргизар бўлиғ,
Илҳом сабоси эсади ғир-ғир.
***
Сарбаланд дарахтлар собит турарлар,
Кўкармоқ удумин адо этишиб.
Навқирон ниҳоллар даврон сурарлар,
Янгича ям-яшил куртак отишиб.
Майлида туташиб кетсин илдизлар,
Булоқни симириб сойда оққанда.
Моҳтобу-офтобли кеча-кундузлар,
Оҳулар воажаб, сирли боққанда.
Яшариш тилсимин сўзлар бўстонлиқ,
Булутлар тоғларга қўниб ўтади.
Дарёлар пўртаниб тилар омонлиқ,
Чўққилар мусаффо қорни кутади.
Қуёш Қофдан ошиб уфқда сузганда,
Арчалар мусаффо ҳаво пуркайди.
Табиат уйғониб режа тузганда,
Инсонлар оламни гулга буркайди.
Изоҳ: Қоф-оламни ўраб олган баланд тоғ.
Муслима Ҳамроз
Бўстонлиқ, 17.10.2022 йил
