
Хушёр бўл!
Тафаккур тўфони тўзғиган бугун,
Фикрингни жиловлаб қувғинди қилар.
Занжирбанд сўзларинг бўғзида тугун,
Вайронкор пайкони
бағрингни тилар.
Хушёр бўл! Эрк тилаб, шон ишни танла!
Бепарво кетяпсан қалбинг ҳам юпун,
Жимжитлик садоси кўзингда зохир.
Курашмоқ ёдингдан чиққанми, нечун?
Ёнган чироқларинг ўчмасин охир.
Хушёр бўл! Миллат деб, ёнишни танла!
Ғулуни ёяди васваса бу кун,
Овоза санғийди, иғвони сийлар.
Адолат истаган кўнгиллар тушкун,
Ҳақиқат адлига ёлғонни ийлар.
Хушёр бўл! Эл бўлиб курашни ўрган!
Изоҳ: пайкон – “найзага қадаладиган уч”;
ийлар – “ишлов бермоқ” маъносида.
Муслима ҲАМРОЗ
11.09.2025 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые