
Томиримда оқади уммон
Мисли дарё, ўзанимни излайман тошиб,
Тўлқин шавқи қалб сойидан сирқийди эриб.
Шунда, гирдоб гирёнида оқаман шошиб,
Ҳовучимда чанқоқ оқим томчисин териб.
Олис жойда жим жимирлаб, имлайди денгиз,
Салсабилдек тошар ажаб, булоқнинг шашти.
Ирмоқ оқса руҳи равон ўзани тенгсиз,
Гар субҳи дам чорлай олса дилкушо гашти.
Лайлу наҳор ўтиб борар руҳфазо ҳамон,
Осмон-фалак порлайвергай барқ уриб қуёш.
Юрак титрар гоҳ томчилаб оққанда уммон,
Ҳайрат қалқиб эпкинига беролмайди дош.
Томчи ичра хуштабъ сўзнинг ҳикмати бисёр,
Тўлқин-тилсим сузавергай шоиста, дилхоҳ.
Дилга шукуҳ тўлса агар чашмаси бедор,
Гоҳ-гоҳ ҳайқиб оқа олса ишқида огоҳ.
Томиримда оқади уммон…
Изоҳ: Салсабил-тиниқ оқар сув; руҳи равон-ҳаёт; субҳи дам-эрта тонг; дилкушо-кўнгилни очувчи; гашти-сайри; лайлу наҳор-кечу эрта; барқ уриб- хуррам; табъ-кўнгил; шоиста-кўнгилдагидек; дилхоҳ-хайрихоҳ.
Муслима Ҳамроз
24.10.2022 йил

