
Иқлим танламас
Дилкушо сатрлар
Фасллар-асил мусаввир, манзара чизади кўзимизни яшнатиб. Ўз образини кўз-кўз қилади, томоша қиламиз ўзимизни унутиб. Мафтун бўлганимиз сайин бизни “ниқоб” тақишга ундайди. Ниқобли дунёга хос чеҳралар намойиши давом этаверади. Ниқоб ойнаги орқали боқар эканмиз кўзимиз ўзимизни алдайди, наҳотки дунё ёлғонига мослашиб улгурган бўлсак?! Ойнакдаги мавҳум дунё бизга синча боқади, кўзимизни олиб қочамиз. Қабоқлар чангалидаги кўзлар қароғида тўфон уйғонади, коинотга сингиб кетгулик. Ўша самовот иқлимига қоришган фурсатда беихтиёр ҳаёт уммонига чўкиб кетамиз. Фасллар бизни ўз тасвирларида умидсизликдан қутқарар экан, тушларимизда ҳаёт қайтариқларини томоша қиламиз. Ўнгимизда куз ҳавоси жимирлайди, этни жунжитиб. Уйқу оромидаги рангдор тушларимизда баҳор нафаси кўнгилни илитади, ифор таратиб. Фасллар аро кўчиб яшаймиз, улар эса ичимизда бизни излайди. Билмаймизки, учрашмоқ васфи иқлим танламас.
Муслима ҲАМРОЗ
01.09.2025 йил
