
САМИМИЯТНИНГ НОЗИК ЧЕГАРАСИ
Ёшлар билан учрашувларда даставвал буюк аждодларимиз, шунингдек, замонамизнинг машҳур адиблари, устозлар ва ҳатто иқтидорли ёшлар ҳақида гапиришни энг тўғри услуб эканлигига тобора иқрор бўляпман. Ҳар бир учрашув мен учун нотиқлик ва мулоқот сабоғига айланмоқда, самимий суҳбатлардан илҳом муждаларини излайман. Кўпчилик ҳолларда аудиториянинг ёш хусусияти инобатга олинмаслиги мени ташвишга солади. Афсуски, ёшлар ўртасида болалар адабиётига мурожаат қилишга, болалар шоирларининг шеърларини ёд олиб ифодали ўқиб беришга кўп ҳам аҳамият қаратилмайди. Аксарият ўқувчи-ёшларнинг машқ қилиб ёзаётган шеърларида болаликнинг беғубор руҳияти ярқ этиб кўзга ташланмайди. Ахир болалик туйғуларини ўз машқларида намоён эта олиш қобилияти ёшлар учун ўз иқтидори қирраларини чархлаш ва ривожлантиришнинг муҳим йўли бўлиши мумкин.
Ёшлар билан мулоқот ўзаро самимият руҳида кечиши лозим. Бироқ баъзан ўзини оғиз кўпиртириб мақтаб, баландпарвоз мақтовли сўзларидан ўзи ҳузурланган одамга дуч келамиз. Шунда хушёр тортаман. Ҳар сафар учрашув олдидан ўзимни таҳлил қиламан, айтмоқчи бўлган сўзларимни тарозига соламан, самимиятнинг нозик чегарасини бузиб қўймай деб, хавотирга тушаман. Самимий сўзларни қалбга тугиб, эзгу тилакларни дилга жойлаб йўлга отланишга ҳаракат қиламан.
Мен сўзини кўп ишлатмасликка ҳаракат қиламанки, манмансираб қолмаслик учун. Минг истиҳола билан «мен»им бошқа сўзларимдан жаранглаб чиқмаслигига уринаман, мақтанчоқлик бўлиб қолмасин дея. Овозимни баландлатмайманки, гердайиш тимсолига ўхшаб қолмаслиги учун. Ўзим ҳақимда камроқ гапиришга интиламанки, ўз-ўзини мақташ сифатига айланиб кетмаслиги учун. Чунки, устознинг мақтанчоқлиги ёшларнинг маънавият борасидаги тушунчаларига ғулу солмаслиги керак.
Камтарлик ҳаёси билан безанмаган нутқ эзгу сўз бўлиши мумкинми?! Мақтанчоқликдан ўзини тия олмаган ижодкор эзгу умид куйчиси бўла оладими?!
Қалбим қўри оташида куйиб ёзганларимни бошқаларга етказа оляпманми, ёш тингловчилар мени англаяптими?! Бу саволлар ҳам табиийки, кўнглимда безовталик ҳисларини уйғотади. Аудитория шартларига мослашиш қай даражада тўғри, билмадим?! Аммо, англадимки, мақтов илинжидан воз кечиш билан кўнгил хотиржамлигини туйиш мумкин. Ўзини бошқа бировлар мақташини жудаям истаётган ижодкор устозлик рутбасига муносибми?!
Инсон ҳар қанча буюк шахс бўлса ҳам камтарлиги билан ўрнак бўлолмас экан, ёшлар қалбига маърифат уруғини соча олмаслиги муқаррар.
Муслима Ҳамроз
12.05.2023 йил

