
Олам ва Одам (эссе)
Очун хотирасида нурли лавҳалар ибтидодан интиҳогача тахлам-тахлам бўлиб муаллақ туради. Биз эса ёрқин тасвирлар иллюзиясига боқиб аслиятга ишонишдан умидвор бўламиз. Монитор ойнасида ёзувлар ва тасвирлар чақмоқдек чатнаб, чиқиб келади борлиқ бағридан ва йўқлик қаърига сингиб кетаверади. Тасаввур оламида мавжуд ҳиссиётлар сояси сирқиб томади, қалбимиз кўзгусига. Ҳақиқат ва рўё чегараси айқашиб кетадиган фурсат келган чоғда ҳиссиётларимиз қайнайди, глобал тўр тармоғида. Антуан де Сент Экзюперининг «Аслида, ҳамма нарса ҳақиқатдан фарқ қилади»-деган сўзлари нақадар ҳақиқатга яқин эканлигини англай бошлаймиз. Асл ҳақиқат мавҳумлик шуъласига қоришиб кетганлигига, унинг моҳияти шаффоф парда билан абадул-абад биздан тўсилганлигига иқрор бўламиз. Биз оламни ўз онгимиз ўлчамида тасаввур қиламиз, туйғуларимиз тийраклиги доирасида ҳис этамиз, бироқ ҳар қанча уринсакда асл моҳият бизга бегона бўлиб қолаверади. Биз дамо-дам қизиқиб бош суқаётган виртуал олам мўъжизалар майдонига ўхшайди. Ожиз тасаввуримизга ғаройиб чизгиларини нақш этиб, бизни овутмоқчи бўлади, гўё. Виртуал оламнинг ойдин кенгликларида адашиб яшашга маҳкум этилган авлодга ўхшаймиз. Борлиқ оламни англамоқ умидида ботиний қулочимизни очиб қучмоқчи бўламиз, аммо, тийнат тўсиқларига дуч келамиз. Биз аслида Яратганнинг ҳукмида, измида, бир яхлитликда бормиз, Ундан айро мавжудлик йўқ. Рўёга қоришиқ моддият дунёсида ожиз-у руҳият оламида мавҳум одам бўлиб яшаш қисмати битилганми одамзот тақдирига?! Кўзимиз илғаган бари мавжудоту унсурлар алдамчи сурат, унинг сифатини таърифлаш борасида инсоният шуурига ожизлик муҳри босилган. Замона зайлига асир бўлган бизнинг ҳиссиётларимиз ирмоғи виртуал олам уммонига туташиб қолганга ўхшайди, истасак-истамасак маълумотлар оқимига ғарқ бўлишга маҳкуммиз. Унинг тўфонлари қалбимизни безовта қилиб биз кутмаган манзилларга оқизаверади. Қутқарув қайиқларини ҳар бир одам ўзининг нафсониятида муқим топган хислату хусусиятларидан фойдаланиб ясай олади. Чўкмаслик шарти тарбият топган нафс ҳикматида, кибру ҳаводан йироқ ахлоқий туйғуларда, меҳру муҳаббатга тўйинган энг эзгу инсонийлик хислатларида мужассам топганлиги муқаррар. Иймон нури ила инсонларнинг хато ва камчиликларини кечириб, афв этгувчи одам зора Яратганнинг махфиратига эришгай. Ўз «мен» ини юксак гўзаллик қадар тузатиб, бутун оламга, инсониятга муҳаббат ила боққан борки Биру Борнинг ишқига етишмоқни умид қилгай.
Алалхусус, барча эл-элатлар қалбидаги Буюк Ижодкорни англаш мақсадининг бир бутунлиги, муҳаббат рашталарининг боғлиқлиги, гўзаллик ва эрк туйғуларини англаш умидининг яхлитлиги нурли тўлқинларга эврилиб уйғонишга кафил бўлгай. Уйғонинг эй, дунёлар ичра муҳаббат аҳли! Буюк ва Биру Бор, Ягона ва Беқиёс Абадият Ишқини кашф этмоқ умидида.
Муслима Ҳамроз
18.07.2023 йил

