
Ижод нашидаси (эссе)
Ижод сирли жараён, авваллари «Олий Ўзан» дан шууримга келаётган сўзларни албатта, стол қаршисида стулга ўтирган ҳолатда қоғозга тўкардим. Қоғоз ва ручка ҳам илҳом париси хизматида турган муҳим ашёдек туюларди. Кечалари сўзлар қуйилиб келганда уйқу ҳам қочар, ўрнимдан туриб стол чироғини ёқардим ва ёзув уюрига ғарқ бўлардим. Маълум вақт ўтгач ҳузурбаҳш тўфон ўтиб кетди дея, чироқни ўчириб ўринга ётардим. Аммо, ҳеч қанча фурсат ўтмай яна безовталик насими қалбим ойналарини ланг очиб юборар ва беихтиёр ўзгача олам оғушига ошиқиб чироқ ёритган иш столимга такрор мукка тушардим. Шундай дақиқаларда дона-дона томаётган сўз томчиларини симириш завқини туюиш қалбимга беқиёс сурур бағишларди. Агар шу дурдона томчиларга интиқиб кафтимни тутмасам уларни йўқотиб қўйиш мумкинлигини ҳис қилардим. Ручка сиёҳи қоғозга тўкилиб борган сайин сўзларнинг сеҳрли сурати намоён бўлгулик жараён жозибасидан ҳайратга тушардим. Фазо баҳридан ёғилаётган томчилар бағрим довонини кўкламга айлантиришини жудаям истардим. Истагим шу қадар кучли эдики, уйқусиз тунлар нурафшон тонгларга туташиб кетгулик дамларда илҳомий муждалар тинмай қўнғироқ чалишини кутардим.
Олий Руҳ синоати бизга қоронғу, биз Яратгандан қалбимизга нур бағишлаб, чароғон этишини илтижо қилиб сўраймиз. Шуни англадимки, йиллар давомида ижод машаққати инсонни тоблар экан. Айни шу йил гўё мўъжиза юз берганга ўхшайди. Энди, сўзлар билан сирлашиш онларида қоғоз, қаламга эҳтиёж сезмасдан билвосита, яъни тўғридан-тўғри Google Диск да ижод қиляпман, электрон ёзув мониторда тизилишиб бамисли нурланади.
Глобал интернет тармоғида ўғлим Маҳмуджон очиб берган персонал Web-sayt да ёзганим шеърлар, мансуралар, эсселар ва қатраларимни 2014 йилдан буён нашр этиб келяпман. Яратганнинг инояти билан ижод нашидаси бутун оламни гўзалликка буркаётганга ўхшайди.
Тангрининг мўъжизасига иқрор бўлиб, қалбимдан ҳамду сано, дилдан шукроналик туйғуси тўлиб тошади.
Муслима Ҳамроз
03.08.2023 йил


Ajoyib hissiyot va yozuvlar.