Эссе

Гулёғига айланган куним…

ГУЛЁҒИГА АЙЛАНГАН КУНИМ… (Эссе)
Устоз Ибодат Ражабованинг шеърият сойи дарёи дили оқимида мудом жўшиб-тошиб оқади. Мусаффо туйғулари тўлқинланиб сой тубидаги тошларга урилганда, ажиб жаранглайди. Бу нафис садоларга бефарқ бўлолмайсиз, хушланиб қулоқ тутасиз. Аслида жўшиб оқаётган дарёга дуч келганингизни ҳис этасиз. Унинг ўзигагина хос жўшқинлик жилосини туйишни истаб қоласиз. Хушҳаво соҳилдан узоқлашгингиз келмайди. Шоира эса покиза ва мусаффо тўлқинлар шиддатидан таралган оби ҳаёт қўшиғини тинглаб, ўзининг хаёлот оғушига чўмган ҳузурбаҳш дамларини сира унутолмайди. Ажабки, шеърларига қуйилиб келаётган ташбеҳлар тўлқинларда қалқиб, олмалар мисол оқизоқ ўйнайди, қувнаб.
Ловиягул қушлар ҳамёни,
Анорсуврат Тоҳир сандиғи.
Қандак ўрик шамолга миниб,
Китобимни кўришга кетди.
Шоира туғилиб ўсган қишлоқ айни шу соҳилда жойлашган, гўё. Гарчи ота макони аслида воҳа бўлса-да, чўл шамоллари қишлоқ ёпинчиғини тортқилаб безор қилса-да. Бу юртнинг қуёши ўтли, саратон ҳарорати қиздириб бутун борлиқни тоблайди. Қишлоқ унинг наздида офтоб нурлари тафтини ўзгача бир интиқлик билан кутиб олишга ўрганган, далалари бағрини кенг очиб нафас олади. Тупроғи тилло.
Йўлларим чангида тилло бор,
Ҳассамнинг излари узумзор.
Узумзор ичида ҳар куни бозор –
Бор бўл-о-о-о!
(“Кўзгудаги аксим иқрори” шеъри)
Қишлоқнинг ўт-ўланлари ҳам, шўрхок тупроғи ҳам гиёҳлар сирини, дарахтлари кўклам сеҳрини, меҳр-оқибат ҳикматини унга шивирлаб айтиб турганга ўхшайди. Гарчи шаҳаршоир бўлиб етишган бўлса-да ҳамон хаёллари тутқич бермай ўз қишлоғи томонга ошиқади ва у ердан ижод завқи кашфиётини унинг қалбига йўллайди, йўллайверади, йўллайверади… Балки шу сабаб элдошлари қувончу шодлигини, орзу умидларини шеърларида тараннум этишдан чарчамайди.
Момотутлар бобом синглиси,
Серпушт-серпушт, сочи анбарак.
Баҳор хушхўр тутмайизларни
Хумчаларда қўясиз сақлаб…
“Шоир, – дейсиз, – шаҳарлик шоир,
Дастурхондор, шеъри овоза.
Озиб-ёзиб бир қишлоқ келса,
Шинни билан чиқсин дарвоза…
(“Қишлоғим тутларига хат” шеъри)
Шундай саодатманд дамларни ҳис этмоқ учун ҳам у ўлка кезади. Тарих зарварақлари аслиятини англаш мақсадида изланади. Ўз юрти, халқи ўтмишига теран назар солишга ҳаракат қилади, бу изланишларини виждон амри, садоқати ва бурчи деб билади.
Мансур Ҳаллож ортимдан қолмас,
Яссавийни кетдим соғиниб,
Бобир билан изма-из юрдим,
“Алпомиш”ни қўйнимга солиб.
“Авесто”ни йўқотиб қўйдим,
Хуржун, сандиқ мендан домангир.
Берунийси бор бўлган эй, юрт,
Тур, ўрнингдан Широқни чақир.
Гоҳида юртдошларининг дарду ҳасратлари, ташвишу армонлари тўзонидан дили оғрийди. Ва қалбан туйган бундай изтиробларга даво истаб қўлига такрор-такрор қалам олади.
Қошим ҳилол, шеърларим жамбил,
Мен хон бўлсам, Зандана вазир.
Уруғларим бирмас, Етти Пир –
Мени фақат Бухоро билар.
(“Мени фақат Бухоро билар” шеъри)
Устоз шоиранинг шеърларини ўқир эканман қалбимда пинҳона суҳбат завқини ҳис қиламан. Ихлос удумида шеърият оламидан саволларимга жавоблар излайман, мушоҳада ўзанига беихтиёр шўнғиганимни сезмай қоламан. Фикрат уммони жўш уриб, гўёки ҳиссиётлар тўқнашуви рўй беради. Ўз кўнглимни эркка топширишга уринаман, шу дамда кўз ўнгимда жилваланган улкан тўлқинлар оғушида оқа бошлайман. Ўз дарду изтиробларим ҳам оқимга қўшилиб пўртана ҳосил бўлса ажабмас. Бу пўртана бутун борлиқни домига тортади, гўё. Оламга эврилиб оқиш туйғуси қалб тубидаги бир бутунлик тимсоли бўлган нуқтага интилади, уни покламоқ учун.
Май кўзада ўймоқдай суздим,
Нуҳ кемадан кўнглимни уздим.
Кунгабоқар сарҳадин буздим,
Кўзларимнинг қарзи кўпайди.
Унинг шеърларини қайта-қайта ўқиб, ифорини туйгим келади. Таралаётган садосидан саррин сабо сеҳри қуйилади. Гўзал мисраларни силаб-суйиб сийратига назар солгим келади, сўзларнинг рангин жилваларини ранго-ранг туйғулар тасвирида томоша қилсам, дейман. Муаллифлик мақоми не ажабки, шеърлари мағзида мужассам. Ўз овозида баралла куйлаётган ижодкорнинг бетакрор шеърлари шубҳасиз умрбоқийдир. Шудрингдек товланиб гулоб томар бўлса, қадаҳ тутгулик, гулзоридан айрилмас ошиқ. Гулёғига айланмоқ қандай бўлади? дея тинимсиз саволлар йўллайди, гулзорининг поёнига етолмай. Ишқ ифорига маст бўлмоқ, гўзалликка эврилиб кетмоқ, бахт сурурини ҳис этмоқлик фурсати етганда гулёғи пишиб етилгай, балки.
Бор назмимни найга жойлайман,
Қамишларнинг ичин мойлайман.
Сўнг Борбадни бориб чорлайман,
Гул ёғига айланган куним.
(“Тасодифий ҳолат” шеъри)
Шеърият улкан уммон, унда қулоч отиб қалб маёғи томон сузмоқлик саодати ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Тўфонлардан омон чиқмоқ, бўронлар офатига дош бермоқ, чўкиб йўқолмоқ қутқусидан халос бўлмоқ учун ҳам шоир сузгичлар ҳикматини ҳис этмоқликни, уммонга кўкдан тинимсиз ёғилаётган сўзлар қудратини англамоқликни истайди.
Мажнун билан жунун талашдик,
Битта йўлда минг бор адашдик.
Ой ортига бориб, ярашдик,
Кўнглим дардин қудуққа айтдим.
Бурғу чалиб, жанггоҳдан қайтдим.
Илҳомининг ёрқин кўзгусидан ярқираб тўкилган сўзлар мисрадан мисрага сизни чорлайверади. Ибодатхоннинг ўзигагина хос шеърияти мозий ва бугун туташган ўзанга ўхшайди, гўё. Ажабо, тарих қўл етгулик тўлқиндек мавжланади. Унинг шеъриятидаги табиат ва инсон уйғунлиги билан тўйинган тасвирларга мафтун бўлиб боқасиз.
Алпомишнинг дўланин боқдим,
Вараздудда қанот қоқди от.
Дала-даштда чилла ўтирдим:
“Бойчиборни юрагимга сот!”
И.Ражабова илдизини ҳис қилаётган асрий чинорга ўхшайди. Ўй-хаёллари қишлоқ кенгликларига сиғмай эрк истаб шаҳар шиддатига эврилиб кетганми дейсиз. Замона зайлига бўйсинмаган қалами ўзига хос нақшлар чизгисига мойил. Сўзлар кашфиёти шуурини бойитиб, жўшқинлик илҳом булоғини янада маҳв этаверади. Шеърларидан таралаётган қувватни ҳис этиш, мардонавор қудратини англаш учун такрор-такрор ўқиб, унинг мунис оламига кўчмоқлик даркор. Унинг тахайюлидаги бўронлар шаштига мослашмоқ, шунингдек, сакинати овозига мафтун бўлмоқ шарти бор.
Деҳлавийни шеърим қилди маст,
Ҳофиз билан ўйнади кийик.
Қарғаларни полиздан қувдим,
Отам занги чопонин кийиб.
Ҳўбкалакни изладим узоқ,
Қудуқлардан юбордим хабар.
Кўк каптарлар Моҳонга келиб,
Яккатутнинг кўз ёшин артар.
Юксак туйғуларга йўғрилган шеърларни таҳрир ва тақриз қилишга ожизман, бироқ, дил изҳори беихтиёр тўкилаверади. Фикрдан фикр туғилади, ҳислар уйғонади дейишади. Шоиранинг шеърлари ҳақида сўйлагим, эзгу сўзлар йўллаб сийлагим келди. Унинг шеърият бўстонида кезиш, оҳанги сеҳрига маҳлиё бўлиш, сўзлар ҳикматини туйиш учун хаёлотнинг учқор тулпорини жиловлаш зарур.
Гужумлари шамол чопони,
Ҳут-ҳутларга “ҳут” дейди баҳор.
Ҳусни Юсуф зарпардасига
Бир мен эмас, дунё харидор.
(“Мен туғилган юрт” шеъри)
Шоира аввал сўзларни хаёлот сўқмоқларига сочиб юборади, кейин саралаб теришга тушади. Ҳар сафар янгича йўлларни кашф қилиш лаззатини туяр экан сўздасталар ороланиб қатор тизилишади. Илҳом қанотида юксакларга парвоз этиб, шеърият гулшанида ҳамиша порлаб туринг, устоз!
“Най навосин дилга жойлайман, Ишқи зорин ҳамроз айлайман. Шамшод шамга кўнглим бойлайман, Гул ёғига айлансам зора!”
Муслима Ҳамроз 20.06.2023 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x