
Ёмғир бу (насрий шеър)
Ёмғир бу – туйғу жилваси, ташна қалбимга ёғаётган. Бағрим осмонида сузаётган булутлар рангин сиёҳга тўла, улардан камалакнусха сўзлар сийрати томади. Улар тиниқ дур каби томчилайди, тўлғониб томчилайверади. Ва кўнглим ойнасин чертиб-чертиб жилоланади. Думалаб оқаётган томчилар ғаройиб йўл чизади кўнгилга томон. Наҳот, титроқ туйғулар уйғун тўлқинларга қоришиб кетгай. Ёмғир тўлқини шиддаткор қудрати ила томчиларни қувватлаб туради, гўё. Томиб-томиб тўлишган кўнгил бўстонида нафис туйғулар гуркираб ўсади, ҳислар ҳаловат излайди. Ёмғир ҳидига тўйинган сабо майин эсиб дилни қитиқлайди. Туйғулар кўклам ифорига тўлиб бутун оламга таралади. Ниҳоят, қуёшни соғинган зумрад кўнгил кўкка боқади орзиқиб.
Муслима Ҳамроз
06.10.2023 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые