
ИРМОҚ БЎЛИБ…
Илҳом денгизидан инсон қалбига шеър тўлқинланиб оқиб келади, гўё. Қизиқ баъзи шеърларда мисралар томчи-томчи бўлиб томишини томоша қилиш мумкин. Шоир томчини томчига маҳорат билан улагач ирмоқ бўлиб оқса, ажабмас. Ижод сеҳрини ҳис қилиш учун шеър ўқийман, мумтоз шеъриятдан ҳикмат симириш учун, замондош устоз шоирлардан ибрат олиш учун, ёш ижодкорлар шеъриятидаги ҳайрат топилмаларидан баҳраманд бўлмоқлик учун ўқийман. Ёзган шеърларимни ҳам такрор-такрор кўздан кечираман, таҳрир ва танқид қилиш учун. Баъзида дилбоғимга дадил киролмай ташқарида қолган шеърим учраб қолса, ундан воз кечиб, шамолнинг кафтига сочиб юбораман. Келадиган асл мисралар йўлини тўсмасин, дея. Кўнгил кенглигиданда кенгроқ маъвога чиқмоқ мумкинми? Назм бўстонини завқланиб томоша қилиш умидида якдиллик қирраларини излайман, олам гўзаллигига тўйиниб, кўнглимга қайтаман қалбимни шукуҳга тўлдирмоқ орзусида.
Муслима Ҳамроз
1.02.2024

