Мажнунтолга…
Соғинчим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Иқрори бор эгилган жолаларида.
Ишончим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Илдизига сингиган толаларида.
Ёнишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Яшил олов товлангай суратларида.
Тонишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Япроғидан айрилган фурсатларида.
Кўнишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Умид орзу тизилган япроқларида.
Унишим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Тўлишиб сой сузганда тупроқларида.
Ғурурим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Тўйиниб нур симирган ҳар шохларида.
Сурурим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Шўх сабода таралган минг оҳларида.
Суҳбатим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Эгилиб, не тин олган сукутларида.
Ҳайбатим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Кўкламида битилган шукуҳларида.
Яшнашим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Баҳори гуркирагай унинг танидан.
Яшашим мажнунтолга ўхшаса нетай,
Анҳори тўлқинлангай унинг ёнидан.
Муслима Ёдгорова 19.01.2019 йил