
Ҳовучида тўфон тингай
Эҳ, жоҳ кўнглим! Кўнмас нечун, дарддан тонгай,
Ёнган сари оташида
дуддан қонгай.
Дод солибон ўртанганда ғулу дўнгай,
Оҳу тимсол мулкига не
шубҳа қўнгай.
Эвоҳ кўнглим! Кўнса гардун ишқда ёнгай,
Кибру ҳаво пучмоғини
кураш енггай.
Вазмин гурзи товушида босқон сингай,
Озор ичган ҳовучида тўфон тингай.
Эй, моҳ кўнглим! Нур ичсангчи субҳи тонгдай,
Жаранглатгил ҳаёт куйин, уйғоқ бонгдай.
Кўнгил базми фиғон чекиб, суҳбат қургай,
Истаса гар, ботинида шуъла кўргай.
Огоҳ кўнглим! Оҳларингга интиқ жондай,
Оқиб кетдим булоғингга тиниқ қондай.
Дардчил кўнглим, боқсам энди кулиб тургай,
Табассумнинг кулгичида хаёл сургай.
Муслима Ҳамроз
09.06.2024 йил


Zohirjon Haydarov
Салом шоирамиз Муслимахон! Сўзларга топқирлигингизга қойил қолдим. Гўё ҳасос шоиримиз Эркин Воҳидовдай сўзларнинг энг залворли, маъноси чуқур, юки оғирларини саралаб, сайлаб ашъор битибсиз. Шеър сарлавҳаси қойилмақом. Биз «Совет Ўзбекистон» даври, ҳозирги «Ўзбекистон Овози» да ишлаганимизда ким шеър, мақола, хуллас газетага берилаётган материалга яхши, оргинал сарлавҳа топиб қўйса, мукофот, пул мукофоти бериларди. Яна журналистлар, шоир ва ёзувчилар ўртасида энг яхши сарлавҳани сотиш, яъни дўстона хазил билан ўтказиш анъанаси бор эди. Буни ҳозир матбуот саҳасининг карвонбошилари бўлиб турган дўстлар яхши эслашади…
Қандай ажойиб шеър битибсиз, табриклайман! Ижодингиз юксалгандан юксалаверсин, элнинг меҳр-муҳаббати, ардоғида юриш насиб этсин.
Facebook саҳифасидан олинди.
Ассалому алейкум устоз Zohirjon Haydarov, эътибор ва эътироф учун ташаккур. Журналист бўлмасам-да туман газетасида мухбир бўлиб ишлаш насиб қилди. Мақолага ном танлашда Сиз айтган жараёнлар ҳам юз берган, устозим Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Ҳурмат Шароповадан миннатдорман. Ўшанда «Ижод қозони» да қайнаш шукуҳини ҳис этганман. Сизга раҳмат, шукроналик туйғуси қалбимни тўлдирди.