
Манзилсиз маёқ
Дунё уммонга ўхшайди-томчи,
Дир-дир қалтираб титрайди гўё.
Беҳад қирғоғин симириб топ-чи,
Очун оғушга сиғмаган рўё.
Дунё тўлқиндир, тополмас тинчин,
Чорлар кемасин манзилсиз маёқ.
Қийнар тўфонлар доғули ичин,
Балққай омонат оқимда ҳар ёқ.
Дунё Тангрининг нуридир ҳақчил,
Ўпқон бўғзида зулумот сиё.
Одам қалбида зиё гар тақчил,
Қалққай сувайдо доғида риё.
Муслима Ҳамроз
29.09.2024 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые