
Нурли қувват
Бир-бир босган изларим юрар оҳиста,
Мен ҳеч боролмаганим жойларни кўзлаб.
Ўй-у хаёлларим ҳам учар шоҳиста,
Мусаффо ҳар тонгларнинг шавқини сўзлаб.
Руҳ огоҳ суворийдир жон маконида,
Кўчиб юргудайин ул айланиб такрор.
Хушлагай чорловлари дил имконида,
Гарчи ҳикмат тополсак муносиб, тагдор.
Айлана чизгилар-ла безайди тинмай,
Танингнинг теграсини самовий қувват.
Умринг оқар замона зайлига инмай,
Мозий чархига хосдир роҳат-уқубат.
Дун-дунё майдонида кезсам мен огоҳ,
Вақт сакрайди манзара чизгиларида.
Ҳар ёмон қусурлардан тилайман паноҳ,
Иймон деб аталмиш тизгинларида.
Гар, юраверсам йўллар елка тутгайми,
Қаварган товонимнинг изтиробига.
Овозимни йўлласам кимдир кутгайми,
Хуш тилакларим етиб айни тобига.
Муслима Ҳамроз
2018 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые