
Йўл
“Бу кўмкўк йўлга мен қачон чиқдим? Йўлбоши қаерда қолди, билолмай ҳайрон боқаман ортга. Бу йўлларда баъзан чақиртош унди, товонимни тирнамоқ учун, гоҳи кўнглимни олқишлади йўл четидаги ял-ял ёнган лолақизғалдоқлар, баъзида олов тўсиқлар қийнади жонни. Кетяпман ҳамон ёниб, ўртаниб. Ёлғизоёқ йўлда адашдим баъзан. Зеро, катта йўлга чопқирхаёл тортқилар тинмай. Пиёдаман, йўлнинг поёни ноаён манзил. Қалбимга туғ бўлиб санчилар туғён. Йўл бўйлаб томчилайди туғдан сирқираган қон. Ва қон излари ўчмас хотира кўнгил йўлида. Йўлчиман, ястаниб ётади ҳаёт довони ва умрим варақлари сочилган йўллар. Якто ўзи эртага чизади йўлнинг давомин. Маҳлиё этаверса йўлчироқлари, кўнгилга туташиб кетгай нур тўшалган зумрад ул йўллар! Зора, йўлнинг охирида кўринса ҳаққуш парвози.”
Муслима Ҳамроз
22.06.2025 йил

