
Ўч олар чақмоқ
Таптақир соҳилда қақрайди тупроқ,
Қурғоқчил кўнгилда
саҳро нафаси.
Уюрма айланар, ҳовучда туфроқ,
Шамолни ютади
қумлоқ қафаси.
Намликни қўмсаса
биргина дарахт,
Ҳайқирар безовта
уммон шовури.
Ёмғирни соғиниб қақшайди тошлоқ,
Сувсизлик чўллайди,
қийнар жафоси.
Булутлар шошади, ўч олар чақмоқ,
Кўнглим ичолмаган томчи сафоси.
Юксакка талпинса
биргина дарахт,
Куйинчак оловли
офтоб ҳовури.
Бир дарахт жон сақлар
кўз очса булоқ,
Чўлланиш аслида жилға жазоси.
Сарғайган заминда изласам овлоқ,
Ёриқларга чўкар кўнглим фазоси.
Япроғин ёзади биргина дарахт,
Яшил майсазорда баҳор шивири.
Изоҳ: «Шовур» сўзи-маъноси ноаниқ «товуш»ни билдиради.
Муслима ҲАМРОЗ
09.09.2025 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые