
“Севган ёрим ялмоғизнинг сочини силар”
Фарида Афрўз
Севган ёрим жодугарнинг сочини силар,
Не надомат, қалб ўкинчи қийнайди жонни.
Не қаролиғ қуёш сўлғин, зулматни сийлар,
Оғу томган май мисоли қайнатар қонни.
Дунё асли бевафодир ёрим сингари,
Сочиб ўйнар парча-парча кўнглим синиғин.
Севган ёринг ялмоғизнинг сочини силар,
Ҳис этасан фиғон бўлиб санчилган онни.
Жафо чекиб тўлғанганда дил найи инграр,
Кўз ёшларинг дарёсида оқизсанг мунгни.
Чўкиб кетсанг ғам доғига, хаёл сарсари,
Излаб учгай неча сўнган юлдуз саноғин.
Тун сукути ҳар оҳингни ўртаниб тинглар,
Бўлди етар, жаранглатсин умидбахш бонгни!
Бойчечакнинг тароватли кулгуси янграр,
Кута олсанг ишқ уйғотган вафолиғ тонгни.
Чаманзоринг тўлдиради гуллар сафсари,
Кўкарасан, ҳис этолсанг йўқлик салмоғин.
Изоҳ: “сафсар” – ирис гули.
Муслима ҲАМРОЗ
12.10.2025 йил


