Оғир
Оғриқдан оғриққа кетяпман нечун,
Жисму жаҳоннинг қийноқларида.
Сирқираб кўчади дарднинг титроғи,
Вужуднинг тобланган қайноқларида.
Оғирроқ эканми эзар ҳаволар,
Бўронли кўнглимнинг яйдоқларида.
Дард расмин чизади ҳатто камалак,
Булутлар оғринар адоқларида.
Кўза синмасин деб жонимиз ҳалак,
Ризқталаб сарсонмиз ҳаёт боғида.
Шамдайин эриймиз, тутаймиз бир зум,
Аксимиз кўрингай фалак чўғида.
Қалъа деворидек нурайди макон,
Кенгликлар очилгай фироқ доғида.
Ишқ дардин тотганда басират бағрим,
Ҳар оғриқ оташми, ёнар чоғида.
Муслима ҲАМРОЗ
23.11.2025 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


