Тўлқинмиз
Биз ёлғон билан ростнинг ораси туташиб кетган, чин ва ночин чаплашиб кетган дунёда мавжудмиз. Вужудимиз бир сирли унсурки, ўз юзимизни ва кўзимизни кўра олмаймиз, нега? Бу саволга жавобимиз ҳам йўқ! Кўзгуда кўраётганимиз аксимиз, холос. Бошқаларни ва атроф оламни кўрар эканмиз, бу борлиқнинг онгимизда ҳосил бўладиган алдамчи тасвирларидир. Бу мавҳумлик кўргазмаси бизнинг ҳудудимиз. Ундан бошқасига боқмоқлик ва билмоқликка интилсак мавҳумот чегарасига дуч келамиз. Англамоқлик ва ҳис этмоқлик тўсиқлари аслида ичимиздаги яратиқдир. Аслият биздан бутун борлигича парда билан тўсилган ва ҳар бир мавжудликнинг ўз қобиғи ва ниқоби бор. Фақат биз билган ва билмаган мавжудот тупроқ остига тушгандагина ўз қобиғидан униб чиқа олади. Шунда ҳам ҳақиқат тупроқдан униб чиққувчи ҳодиса эмаслиги синоатини охиригача англаб етолмаймиз. Қачон келдик, қачон кетамиз, қайдан келдик, қайга кетамиз?! Жавобсиз саволлар гирдобида оқамиз, тўлқин ичимизда! Биз бирбутун ва чексиз уммонда якдил сузаётган, ишқдан қонган тўлқиндирмиз, балки!
Муслима ҲАМРОЗ
22.12.2025 йил


