Булутсиз ёғаётган ёмғир
Мулоҳаза
Шеър ҳамма нарсадан холи дейиш абсурд. Наҳотки, илҳомдан ҳам, илоҳий ишқдан ҳам холи бўлса?! Ҳамма нарсадан холи шеър ўзи нима у? Туйғудан, ҳиссиётдан, тасаввурдан, хаёлдан, рангдан, овоздан, тасвирдан, “кашфи ҳол”дан холи бўлиши мумкинми?! Дард, изтироб, ишқ, рашк тўфонлари, суюнч, қувонч, завқ-шавқ дамлари нафақат шеърни, балки шоирни ҳам яратади. Шеър оғриқ ва ҳузур, қайғу ва шодлик, борлиқ ва йўқлик, уммон ва ташналик, товуш ва тоғдан қайтмаган садо, чалкаш хаёл ва кўз қорачиғига битилган туйғу, булутсиз ёғаётган ёмғир ва кўлмак шимиб олган соядир, балки. Шеър – қалб, шеър – ҳаёт, шеър – коинот. Фақатгина сўзнинг ўзи билан шеър яралмайди. Шеъриятга енгил қараш қандай оқибатларга олиб келади, билмадим-у енгил бўлса, ҳамма шоирга айланармиди?! Унинг юки шу қадар оғир-ки, унга дош беролмай ҳатто шоирнинг қалби букилиб қолиши мумкин. Унинг илоҳий юкини кўтариш ҳамма шоирга ҳам насиб қилавермайди. Мана масалан, бир машҳур шоирнинг:
“Бўш катак дунёдаги энг чиройли катак”
шеърида маънонинг улкан юки мужассам. Бу жуда оғир карвон, унинг соҳибига айланиш учун шоирнинг дарди қанчалик оғир бўлиши керак?! Бу оғирлик шоирни эзиб қўяди, эзилмаса, маст этгувчи гулоб пайдо бўлурми?!
Сўз неъмати кўкдан ёғилиб туради, уни ҳис этиш масъулияти жуда оғир ва азобли. Шоир Усмон Азимнинг
“Ҳали рўйи жаҳон шеър бўлажак…” шеърида бутун жаҳонга татигулик юк бор.
Фарида Афрўзнинг
“Бўрон ҳам гўзал,
Тўфон ҳам…
Оллоҳнинг не иши гўзал эмас.” шеърида нақадар улуғвор юклама бор!
Сўзни таниш ва танлай олиш истеъдод демакдир. Фақат сўз “калтаги” билан қуролланган шоир гўзал шеър кашф этолмайди. Ўринсиз панд-насиҳат, таъна-маломат, иддаога, ғаразона мақсадга тўла енгил-елпи шеър ўқувчи кўнглини хира қилади.
Афсуски дағал сўз шеърнинг ҳуснини бузади.
Юки енгил шеър совун кўпигидек кўпириб, вақт ўтиб пучмоқланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас!
Шеърнинг яралиши мўжиза, чунки шоир шу жараён ичида яшайди. Ҳар сафар шеър ёзганда ўзи ҳам қайтадан туғилади. Ва, шу ҳодиса ичида абадийликни ҳис қилиб улгуриши шарт! Таъмадан, мадҳбозликдан, мақтовсирашдан, “лайкбозлик”дан холи шеър – қандай гўзал.
Муслима ҲАМРОЗ
02.02.2026 йил


